Р. Скляр Президент топшириқлари қандай бажарилаётгани тўғрисида гапирди

Қозоғистон иқтисодида қайта ишлаш саноати улуши тоғ-металлургия мажмуаси билан тенг – 12 фоиз. Технологик ўсишнинг юқори даражасини кўрсатаётган корхоналар қаторида Алмати вентилятор заводи, Кентау трансформатор заводи бор. Уларнинг маҳсулоти жаҳон стандартларига мос келади. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари иқтисодни диверсификациялаш ва қайта ишлаш саноати ўсишини таъминлаш ҳақида гапириб берди. Роман Скляр Президент топшириқларини рўёбга чиқариш бўйича олиб борилаётган ишлар ва мамлакат иқтисодий-ижтимоий ривожланиши тўғрисида туркум суҳбатлар бера бошлади. Унинг таъкидлашича, бундай корхоналар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам бор. Лекин мамлакатдаги иқтисодий вазиятни фақат қайта ишловчи корхоналар эмас, моношаҳарлар ҳам белгилаб беради. Улардан бири бўлган Экибастузда темирйўл машинасозлиги маҳсулотларининг 72 фоизи ишлаб чиқарилади, июнь ойида шаҳарда йирик ферроқотишмалар заводи иш бошлаши кутиляпти. Бундан ташқари, Сарандаги маҳаллий корхонада 1 миллионта замонавий шина ишлаб чиқарилиши мўлжалланган. Қўстанайда эса, Роман Склярнинг таъкидлашича, дунё мезонларига кўра ҳам ўта замонавий чўян қуйиш заводи иш бошлайди.

Роман Скляр, Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари: 

– Қайта ишлаш саноати — асосий устуворлик. Биз бу йўналишда ишлашда давом этамиз.  Шу жумладан, маҳаллий маҳсулот улушини ошириш, инвестициялар жалб қилиш, бошқа турли ишлар амалга оширилади. Буларнинг барчаси маҳаллий ёшлар учун юқори самарали ва юқори даражада ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратишга имкон беради. Бу – асосий вазифа. Қолганига эса аста-секин эришамиз: экспорт салоҳияти, импорт ўрнини тўлдириш, бюджетга корхоналар тўлайдиган солиқлар иш ўринлари яратилиши ортидан рўёбга чиқаверади. Яъни, бу локомотив ҳаммасини ортидан эргаштиради.

Абдумалик Сарманов таржимаси.