Қозоғистон ва Австрия  товар айланмаси 300 миллион доллардан ошди

Қозоғистон ва Австрия  товар айланмаси 300 миллион доллардан ошди

Қозоғистон ва Австрия ҳамкорликни чуқурлаштиради. Устуворликлар қаторида тоғ-кон саноати, инфратузилма, туризм ва таълим бор. Астанада бўлиб ўтган икки давлат ташқи ишлар идоралари раҳбарлари учрашувида қаттор масалалар муҳокама қилинди. Ермек Кўшербаев ва Беате Майнль-Райзингер транспорт-логистика ҳамкорлигини кенгайтириш, Ўрта йўлак ва «Global Gateway» ташаббусини ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди. Бу эса бизнес учун янги имкониятлар яратади.

Вазирлар икки томонлама ва кўп томонлама асосда ҳамкорликни ривожлантиришини таъкидлади. Қозоғистон ва Австрия 30 йил аввал дипломатик алоқалар боғлаган. Мамлакатда 400 тадан зиёд Австрия компанияси, қатор қўшма корхоналар иш юритади.  Ўтган йили товар айланмаси 300 миллион доллардан ошди. Молиявий алоқалар кенгайиб боряпти. Австриядан Қозоғистонга 2005 йилдан буён 3 миллиард доллардан зиёд бевосита инвестиция киритилди.

Ермек Кўшербаев, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири:

- Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кўп қиррали муносабатларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучлардан бири. Фаол форматда ишлаётган Ҳукуматлараро комиссия ва Тадбиркорлар кенгаши бу соҳада ҳамкорлик ривожланишига туртки берувчи механизмлардан бири.

Беате Майнль-Райзингер, Австрия Республикаси Европа ва халқаро ишлар федерал вазири:

- Мамлакатларимизнинг жуда кўп ўхшаш манфаатлари ва уйғун нуқталари бор. Бу ҳамкорликни янада ривожлантириш учун асос яратади. Биз эришилган шартномалар, шу жумладан, виза борасида ва дипломатик паспорт эгалари учун енгилликлар, шунингдек, реадмиссия соҳасида ҳамкорлик  муҳимлигини таъкидлаймиз. Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлигини алоҳида кўрсатиб ўтишни истардим.

Абдумалик Сарманов таржимаси