2022 йилнинг янги саноатлаштириш харитасига умумий қиймати бир ярим триллион тенге бўлган 91 лойиҳа киритилди. У ҳозир «Очиқ НПА» майдончасида муҳокама қилиняпти. Объектларнинг кўп қисми Жанубий ва Марказий Қозоғистонда. Улар қаторида текстиль, фармацевтика саноати объектлари ва қурилиш материаллари заводи ҳам бор. Янги корхона Чимкент шаҳрида бунёд этилади. Бундан ташқари, шаҳарда рангли металл концентрати олиш учун иккиламчи чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси бунёд этилади. Айни вақтда, пойтахтда ва Ақмўла вилоятида уй-қурилиш комбинати, бетон, ғишт ва асфальт заводлари қурилади. Шунингдек, қандолат фабрикаси, парранда, балиқ, чорва гўштидан ярим фабрикатлар тайёрловчи корхоналар қурилади. Шимолий-шарқий минтақаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва автомобилсозлик ривожланиши кутиляпти. Қўстанай вилоятида саноатлаштириш харитасига транспорт техникаси тайёрловчи тўртта завод киритилган. Республика ғарбида тадбиркорлар полипропилен чиқариш учун газ-химия мажмуаси барпо этиш ниятида.
Абдумалик Сарманов таржимаси.