Қозоғистон ва Афғонистон ўртасида савдо ҳамкорлигини кенгайтириш учун катта салоҳият мавжуд. Алматида бўлиб ўтаётган Қозоғистон - Афғонистон бизнес форумида шундай баёнот берилди. Тадбиркорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун 170 компания вакили ушбу анжуманга ташриф буюрди. Сўнгги йилларда ўзаро алоқалар фаол ривожланаяпти. Жорий йилнинг 8 ойида жами 330 миллион доллардан зиёд маҳсулот алмашинилган. Қозоғистон экспорти фаол ривожланди. Афғонистонга 316 миллион долларга ун, кунгабоқар ёғи, табиий газ ва минерал ўғит сотилди. Импорт ҳажми 14 миллион доллардан ошди. Келажакда икки давлат ўртасидаги маҳсулот алмашиш ҳажми 3 миллиард долларга етиши режалаштириляпти. Анжуман давомида умумий қиймати 50 миллион доллардан зиёд шартномалар тузилди.
Ербол Тасжуреков, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари:
– Аҳолиси 40 миллион нафар бўлган Афғонистон бозори биз учун жозибадор. Шунинг учун афғонистонлик тадбиркорлар билан бирга товар алмашинувига халал бераётган муаммоларни муҳокама қилдик. Ҳозирча сотилаётган асосий маҳсулот – буғдой ва ун. Шунингдек, бошқа маҳсулотлар экспортини ошириш зарур
Нуриддин Азизий, Афғонистон Савдо ва саноат вазири:
– Қозоғистон билан иқтисодий ва савдо алоқалари йил сайин кенгайиб боряпти. Биз Астанада афғон товарлари дўконини очиш ниятидамиз. Доимий кўргазма ташкил этмоқчимиз. Қозоғистон томони Ҳирот шаҳрида савдо уйи ташкил қилади. Мен Қозоғистон инвесторларини Афғонистонга таклиф қиламан. Бизда фойдали қазилмалар, саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо, хизматлар соҳаларида катта имкониятлар бор.
Форумда логистика масаласига эътибор қаратилди. Томонлар Хитой – Қозоғистон - Афғонистон йўналиши бўйича логистик хаб қуриш имкониятини ўрганишди. Ҳозир Афғонистон товарларини асосан Покистон ва Эрон орқали олаяпти. Янги хаб икки томон учун ҳам мақбул ечим бўлади, дейди афғонистонликлар.
Абдумалик Сарманов таржимаси.