Қозоғистон уран қазиб олиш бўйича дунёда биринчи ўринда. Жорий йилда мамлакатда 16 минг тонна руда қазиб олинди, шундан 14 минг тоннаси экспорт қилинди. Харидорлар орасида АҚШ, Канада, Россия, Хитой ва Европа Иттифоқи бор.
Қозоғистонда уран қувур усулида қазиб олинади. Қувурлар тизими орқали ер тагига махсус кимёвий реагент юборилади, у рудани ишқорга айлантиради. Сўнгра эритма юқорига тортиб олинади ва махсус ишлаб чиқариш мажмуасига юборилади. Қатор фильтрлар орқали ўтказилиб, кукун ҳолига келтирилади.
Ардақ Ўспанов, геотехнологик майдонча бошлиғи:
- Бизнинг усул ер-ости – скважина усули дейилади. У карьер ёки шахта усулидан табиатга салбий таъсири камлиги билан фарқ қилади. Чунки рудани ер юзасига чиқармаймиз. Ер остида қайта ишлаймиз ҳамда фақат руда таркибидаги уран ташқарига чиқариб олинади.
Мутахассислар таъкидлашича, республикада ишлатилаётган технология рентабеллиги энг юқориларидан ҳисобланади. Энг муҳими, экологик жиҳатдан тоза, дейди мутахассислар.
Ғалим Нуралиев, ишлаб чиқариш корхонаси директор ўринбосари:
– Уран қазиб олиш ишлари тугагач, барча қувурларни, бошқа нарсаларни чиқариб оламиз. Атрофни тартибга келтирамиз. 3-5 йил ичида ўсимликлар ўса бошлайди, турли жонзотлар қайтиб келади.
Бугунги кунда республикадаги 26 та конда иш давом этяпти. Таъкидлаш лозимки, ер остида ишқорланиши мумкин бўлган, жаҳонда аниқланган уран захираларининг 65 фоизи Қозоғистонда жойлашган.
Абдумалик Сарманов таржимаси