Йил бошидан буён Қозоғистон иқтисодиёти 4,8 фоизга ўсди

Йил бошидан буён Қозоғистон иқтисодиёти 4,8 фоизга ўсди

Йил бошидан буён Қозоғистон иқтисодиёти 4,8 фоизга ўсди. Ҳукумат йиғилишида Миллий иқтисодиёт вазири маълум қилишича, реал сектор ва хизматлар соҳаси кўрсаткичларнинг юқорилашига салмоқли ҳисса қўшган. Алибек Қуантиров таъкидлашича, асосий капиталга инвестиция киритиш ҳам кўпаймоқда. Транспорт ва омборчиликка келаётган сармоя ҳажми 60 фоизга ортган. Мамлакат машинасозлигида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Қишлоқ хўжалигида ҳам ўсиш кузатилаётир. Қозоғистон иқтисодиёти ўсишига енгил саноат,озиқ-овқат ҳамда ичимликлар ишлаб чиқариш катта ҳисса қўшди. Бу давр мобайнида мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси 4 фоиздан зиёдга ортди. 

АЛИБЕК ҚУАНТИРОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТ ВАЗИРИ:

- Январь-июнь ойларида, дастлабки маълумотга кўра, ташқи савдо товар айланмаси 4,3 фоизга ортди ва 67,2 миллиард долларни ташкил қилди. Экспорт 38 миллиардга етди. Қайта ишланган маҳсулотлар сотиш 12 миллиард доллардан ошди. 29,3 миллиард долларга товар импорт қилинди. Ижобий савдо баланси 8,7 миллиард долларни ташкил этди.

Шу билан бирга Бош вазир нархлар кўтарилиб кетмаслиги кераклигига урғу берди. Бу масала ҳукумат учун устуворлигича қолмоқда. Алихан Смаиловнинг таъкидлашича, республикада инфляция суръати пасайиб бормоқда. Бу кўрсаткич олти ой давомида мунтазам камайди.

АЛИХАН СМАИЛОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ:

- Нархлар ўсишини тутиб туриш Ҳукуматннинг устувор вазифалари қаторига киради. Жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб инфляция пасайиб бормоқда. Кўрилган чора-тадбирлар туфайли унинг йиллик ҳисобда 14 фоизга тушишига эришилди. Шу билан бирга, йил охиригача инфляция даражаси ўтган йилга нисбатан 2 марта пасайишига эришишимиз зарур. Инфляцияга асосий таъсир кўрсатаётган омил озиқ-овқат товарлари эканлигини ҳисобга олган ҳолда муаммоларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш керак. Бунинг учун зарур воситалар етарли.

Бош вазир йил охиригача иқтисодий ўсиш суръатини сақлаб қолиш лозимлигини таъкидлади. Бунинг учун ишлаб чиқаришни рағбатлантириш учун чора-тадбирлар кўриш керак. Иқтисодиётни  диверсификациялаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, инвестицияларни кўпайтириш йўналишларида ишлаш зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси