Қозоғистон Президенти «Казатомпром» бошқарув раисини қабул қилди. Меиржан Юсупов Қосим-Жўмарт Тўқаевга компаниянинг 2025 йилдаги фаолият натижалари ва кейинги давр режаларини маълум қилди. Ўтган йили холдинг 26 минг тоннага яқин уран қазиб олган. Савдо ҳажми 11 фоизга ўсиб, 18,5 минг тоннага етган. Компания янги сотув бозорлари сонини кенгайтиряпти. Европада Швейцария ва Чехиядаги, шунингдек, Япониядаги энергия компанияларига уран етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланди. Ҳиндистонга табиий уран концентрати экспортига доир узоқ муддатли келишув имзолаш бўйича иш олиб борилмоқда. Учрашув якунида давлат раҳбари келгусида захира базасини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ижтимоий ташаббусларни амалга оширишга оид бир қатор топшириқлар берди.
Меиржан Юсупов, «Қозатомпром миллий ҳиссадорлик жамияти» ҲЖ бошқаруви раиси:
– Уранга бўлган талаб фақат ошиши кутилмоқда. Шу билан боғлиқ ҳолда, хомашё базасини кенгайтириш бўйича тизимли иш олиб бориляпти. Умумий майдони 1000 квадрат километрдан зиёд бўлган олтита майдончада иш кетяпти. Бундан ташқари, жорий ижтимоий лойиҳалар, ноёб металлар секторидаги ишлар ва илмий-тадқиқот фаолияти борасида ахборот бердим. Геосиёсий беқарорлик шароитида компания ўзининг барча мажбуриятларини бажармоқда ва бутун дунё бўйлаб, томонлар билан тузилган шартномага тўла мос ҳолда, уран узлуксиз етказиб берилишини таъминлаяпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси

