«Қозоғистон уй-жой қурилиш жамғарма банки» «Отбаси банк» деб қайта номланди

«Қозоғистон уй-жой қурилиш жамғарма банки» «Отбаси банк», яъни «Оила банки» деб қайта номланди. 2021 йилда «Отбаси банк» уй-жойларни ҳисобга олиш ва тақсимлашни марказлашган шаклда амалга оширади. Бунинг учун ҳокимликлардаги навбат тизими банкка ўтказилади ва унда «Уй-жой билан таъминлаш маркази» ташкил этилади. Марказ «ягона дарча» тамойилида ишлайди. Уй-жойга муҳтож барча аҳоли қатламлари унинг хизматидан фойдалана олади. Келгуси йилдан кредитлаш бўйича «Чанғароқ» пилот-лойиҳаси такомиллаштирилади.

НУРЛАН АҚШАНОВ, «ОТБАСИ БАНК» УЙ-ЖОЙ ҚУРИЛИШ ЖАМҒАРМА БАНКИ» БОШҚАРУВИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

- Аввал белгиланган даромадлар бўйича 3,1 ойлик ҳисоб кўрсаткичга тенг норматив етарлича паст эканлигини тушундик. Ҳозир уни 3,7 ҳисоб кўрсаткичига етказмоқчимиз, натижада, мижозларнинг кўп қисмини дастурга жалб этамиз.

«Отбаси банк» энг аввало ижтимоий жиҳатдан заиф аҳоли қатламларини уй-жой билан таъминлаши мўлжалланган. Айни вақтда, банк уй-жой қурилиш жамғармалари тизими тамойилларини ўзгартирмайди. Аксинча, айниқса, корпоратив мижозлар  имкониятларини кенгайтиради. Ўз ходимлари учун уй қураётган ёки бу ишни кредитлаётган шаҳарсозлик корхоналари билан шартномалар мавжуд.

НУРЛАН АҚШАНОВ, «ОТБАСИ БАНК» УЙ-ЖОЙ ҚУРИЛИШ ЖАМҒАРМА БАНКИ» БОШҚАРУВИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

- Улар танлаб оладиган ходимлар бу хонадонларга кўчиб киради. Рамзий ижара ҳақи тўлайди ва келгусида, орадан маълум бир муддат ўтганидан кейин, имтиёзли кредит воситасида уйини сотиб олиш учун депозитга маблағ қўяди.

Пандемия даврида маҳсулотларини рақамлаштириш ҳисобига банк ўз мавқеини етарлича мустаҳкамлаб олди. Биометрик янгилик – видеобанкингдан 77 мингдан зиёд омонатчи онлайн тартибда фойдаланди. Бу эса жорий йилда очилган депозитларнинг 20 фоизи.