Қозоғистон олимлари тиббий чиқиндиларни баратараф қилишнинг инновацион усулини ишлаб чиқди. Янги ускуна биоматериалларни термик усулда қайта ишлаш имкониятини беради. Эндиликда тиббий чиқиндиларни турли хилларга ажратиш шарт эмас. Икки минг даражагача бўлган плазмо-кимёвий реакторга тушган ҳар қандай модда бир зумда йўқ қилинади. Таъкидлаш лозимки, бундай ускуна дунёнинг бирор мамлакатида мавжуд эмас.
Александр Устименко, лойиҳа муаллифи, ал-Форобий номли миллий университет бўлим мудири:
- Технологиямиз барча бошқа турдагилардан юқори ҳароратдан фойдаланилиши билан фарқ қилади. Биз чиқиндиларни реакторда ёндирмаймиз, газга айлантириб юборамиз. Экологик зарарсиз газлар ва шлак пайдо бўлади. Янги усулнинг одатдаги технологиялардан фарқи шунда.
Бугунги кунда мамлакатда тиббий чиқиндилар икки марта қуйи даражада ёндирилади. Олим бундай ҳарорат барча зарарли қисмларни йўқ қилиш имконини бермаслигини таъкидлайди. Маълумки, инфекция кирган заҳарли тиббий чиқиндилар одамлар ҳаёти учун ҳам, атроф-муҳит учун ҳам жуда хавфли. Шунинг учун ҳозир зарарсизлантиришнинг самараси юқори турларига эътибор бериляпти.
Ақмарал Мейрманова, Сариарқа тумани санитария-эпидемиология назорати бошқармаси раҳбари ўринбосари, Нур-Султон шаҳри:
- Муқобил усуллар сифатида автоклавдан ўтказиш, яъни чиқиндиларга босим остидаги сув буғи билан ишлов беришни кўрсатиш мумкин. Бу иш кўпчилик тиббий ташкилотларда амалга оширилади. Юқори ҳаво босими остида тиббий чиқиндилар таркибида бўлган зарарли микроорганизмлар йўқ қилинади.
Тиббий чиқиндилар кимёвий эритмаларга бўктириш ёки қисқа тўлқинли ускуналар ёрдамида ҳам зарарсизлантирилиши мумкин. Мутахассислар таъкидлашича, мамлакат олимлари ишлаб чиққан янги усул - плазма ёрдамида ишлов бериш тез кунларда бу рўйхатдан ўрин олиши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси