Қозоғистон-Туркманистон: стратегик ҳамкорлик давом этади

Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Туркманистонга расмий ташрифи Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимухамедов билан учрашувдан бошланди. Туркман халқининг миллий етакчиси шахсан ўзи Қозоғистон Президентини Ашхобод аэропортида кутиб олди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, Қозоғистон-Туркманистон муносабатлари дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш руҳида жадал ривожланмоқда. Туркманистонга расмий ташриф давлатлараро алоқаларни янги сифат даражасига олиб чиқишга қаратилган. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Гурбангули Бердимухамедов Ашхободда Абай ҳайкалини очиб берди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


–  Ўзининг бебаҳо асарларида у абадий қадриятларни васф этган, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва илмга меҳрнинг аҳамияти борасида ёзган, инсонпарварликка, эзгулик ва мулоҳазакорликка чорлаган. Ашхободда Абай ҳайкали очилиши муҳим ташаббус, у мамлакатларимиз ўртасидаги биродарлик алоқаларини келгусида ҳам мустаҳкамлашга йўналтирилган.


Ўз навбатида, Астанада жорий йилда буюк шоир Махтумқули Фироғийга ҳакал ўрнатилган. Туркман мутафаккирининг ижоди барча туркий халқлар учун умумий бойлик, дея уқтирди Қозоғистон Президенти. Қосим-Жўмарт Тўқаев, шунингдек, «Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллиги» юбилей медали билан тақдирлангани учун миннатдорчилик билдирди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


– Абай ва Махтумқули асарлари – бутун турк дунёси учун қимматбаҳо хазина. Бизнинг умумий бурчимиз – буни сақлаб қолиш ва келажак авлодларга етказиш. Икки улуғ шоир шеъриятини давом эттирган ижодкорлар жуда кўп. Халқларимизни ягона илдиз, умумий тарих, яқин тил ва маданият боғлаб туради. Мана шу метин асос устида мустаҳкам ва  ўзаро уйғун муносабатлар ўрнатилган, у ҳозирда стратегик ҳамкорлик руҳида мунтазам равнақ топиб келмоқда.


Шу билан бирга, Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркманистон Мустақиллиги монументи пойига гулчамбар қўйди.


Шундан сўнг Қозоғистон Президенти «Ўғузхон» сарой мажмуасида тантанали равишда кутиб олинди. Бу ерда Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Сердар Бердимухамедов тор форматда музокаралар ўтказди. Давлатимиз раҳбари  олий даражадаги доимий учрашувларга алоҳида аҳамият қаратишини айтиб ўтди, зеро, бу шерикликни кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркманистонни республикамизнинг стратегик ҳамкори деб атади, ушбу давлатнинг минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлашдаги катта ҳиссасини, халқаро майдондаги нейтрал мақомини таъкидлади. Президент Сердар Бердимухамедов ҳам Туркманистон Қозоғистон билан шериклик ва савдо-иқтисодий муносабатни равнақ топтиришдан манфаатдорлигини уқтириб ўтди. Хусусан, энергетика, транспорт, савдо, қишлоқ хўжалиги, янги технологиялар каби истиқболли соҳаларда.


Абдумалик Сарманов таржимаси