Президент Германия компаниялари раҳбарлари билан учрашди

Президент Германия компаниялари раҳбарлари билан учрашди

Қозоғистон хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлайди ва улар лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилиши учун қулай шароитлар яратишга тайёр. Қосим-Жўмарт Тўқаев Германия тадбиркорлари билан ўтказилган учрашувда шу ҳақда айтиб ўтди. Тадбирда турли масалалар устида сўз борди. Мисол учун, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари. Компаниялар вакиллари шерикликни ривожлантиришда асосий йўналишлардан бири сифатида нодир ер металларини қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасини тилга олди.

Қозоғистон Президенти Berlin Global Dialogue форумида қатнашди

Шундан сўнг Президент Қозоғистон-Германия ишбилармон доираларининг «давра суҳбати»да иштирок этди ва  «Berlin Global Dialogue» Биринчи халқаро форумида сўзга чиқди. Давлат раҳбари глобал иқтисодий жараёнларда Қозоғистоннинг роли борасидаги қарашларини маълум қилди. Иштирокчиларни мамлакатимиз билан иқтисодий шерикликни йўлга қўйиш мумкин бўлган истиқболли соҳаларга эътибор қаратишга чақирди. Хусусан, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, «Ўрта йўлак» минтақада савдо-инвестиция учун янги имкониятлар очади. Президент чиқишининг сезиларли қисми юртимизнинг халқаро иқтисодий алоқаларни барқарорлаштиришдаги ролига бағишланди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Евроосиёда аниқланган нефть захиралари кўплиги бўйича иккинчи ўринда турувчи Қозоғистон жаҳон бозорида йирик энергия етказувчи ҳисобланади. Биздаги нефть экспортининг 70 фоизи Европа Иттифоқига жўнатилади, шуни ҳисобга олган ҳолда, экспорт имкониятларимизни кенгайтириш, глобал энергетика инқирозини юмшатишга ҳисса қўшиш ниятидамиз.

Қозоғистон етакчиси форум иштирокчиларига миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг янги уфқлари борасида ахборот берди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ўтган йили Қозоғистон экспорти деярли 40 фоизга ўсган. Биздаги ЯИМнинг сезиларли қисми аввалгидек энергетика сектори ҳиссасига тўғри келса-да, иқтисодиётни диверсификация қилишга эътиборни кучайтирамиз. Автомобилсозлик, фармацевтика, металлни қайта ишлаш ва машинасозлик каби соҳаларда ўсишни таъминлаш билан бирга,  Қозоғистонда бизнес юритиш учун ўта қулай муҳит яратиш туфайли сезиларли ҳажмда хорижий инвестиция жалб этишда давом этамиз.

Таъкидлаш ўринли, бугунги кунда Германия – мамлакатимизнинг йирик савдо шериги ва иқтисодиётнинг етакчи инвесторларидан бири. ГФР ва Марказий Осиё минтақаси орасидаги бутун савдо ҳажмининг тахминан 83 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. 2022 йил якунларига кўра, икки тарафлама маҳсулот айирбошлаш 2,8 миллиард долларни ташкил қилган.

 

Хуршида Абдуллаева таржимаси