БССТ Қозоғистон тажрибасини юқори баҳолади

Қозоғистонда сўнгги 10 йил ичида соғлиқни сақлаш тизими самарадорлиги икки марта ошди. Мамлакат ўртача умр узунлиги жадал ўсиши бўйича қисқа муддатда етарлича катта натижаларга эришди. БССТ берган маълумотга кўра, бу кўрсаткичлар ҳатто қатор Европа давлатлариникидан юқори. Халқаро соҳа мутахассислари таъкидлашича, Қозоғистон дастлабки тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни ривожлантиришда ҳам пешқадамлар қаторида.

Сурайя Далил, БССТ махсус дастури директори:
- Алмати шаҳрида Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг дастлабки тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни ривожлантиришга қаратилган Европа маркази жойлашган. У соҳа мутахассислари учун тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш бўйича таълим берувчи мажмуавий билим даргоҳи ҳисобланади.  Мен мазкур ташкилотга билимини ошириш, тажриба алмашлаш учун қатор Марказий Осиё давлатлари  делегациялари келганидан хабардорман. Фикримча, дунё тажрибасини минтақанинг бошқа давлатларига етказишда ушбу марказ ва Қозоғистоннинг ҳиссаси катта.

Жером Вейнбах, Франциянинг соғлиқни сақлаш вазирлиги европа ва халқаро муносабатлар бўлими директори:
- Биз яқин вақтларда Франция ва Қозоғистон ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида шартнома имзолаш ниятидамиз. Олис туманлар аҳолисига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш – ҳамкорлигимиз асосини ташкил қилади. Қозоғистон бу соҳада катта ютуқларга эришган улкан давлат. Бизни янги технологиялар жорий этиш амалиёти қизиқтиради. Шунингдек, сиздаги шифохоналар тизимини ўрганишни истардик.