Икки тарафлама ҳамкорликни кенгайтириш ва шерикликнинг
янги йўналишлари Астанада бўлиб ўтган «Қозоғистон-Финляндия» бизнес-форумининг
асосий мавзусига айланди. Тадбирда икки давлат президентлари - Қосим-Жўмарт
Тўқаев ва Александр Стубб қатнашди. Давлатимиз раҳбари келгуси ҳамкорликнинг
бир неча истиқболли соҳаларини, хусусан, транспорт ва логисткани ажратиб кўрсатди.
Президент фин тадбиркорларига республиканинг ушбу соҳадаги мақсадларини маълум
қилди, жумладан, Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришни айтиб
ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев, шунингдек, Nurminen Logistics компаниясининг
минтақада самарали мультимодаль транспорт тизимини барпо этишдаги сезиларли
ҳиссасини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Биз Хельсинки ва Хамина-Котка сингари фин
портлари билан ҳамкорликни тажриба алмашинуви ва илғор технологик ечимлар
орқали чуқурлаштиришга ҳаракат қиляпмиз, бу эса давлатларимиз орасида янги кўприклар бунёд
этишга хизмат қилмоқда. Фин компанияларини бу ишга қўшилишга, Европа ҳамда Марказий Осиё
ўртасида самарали ва барқарор транспорт алоқаларини яратишга ҳисса қўшишга
чақирамиз.
Шу билан бирга, Қосим-Жўмарт Тўқаев форум қатнашчилари
эътиборини атом соҳасини ривожлантириш истиқболларига қаратди. Таъкидлангани
каби, юртимиз бу соҳани узоқ муддатли энергетика стратегиясида асосий элемент сифатида
кўради. Президент Қозоғистон Атом энергияси агентлиги ва Финляндиянинг STUK
регулятори ўртасидаги ҳамкорлик муҳимлигини уқтирди. Унинг фикрига кўра, мамлакатда энергиянинг анъанавий манбаларидан ташқари фойдали
қазилмаларнинг йирик захираси ҳам мавжуд.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Мамлакатимиз 34
та ноёб ер элементларидан 21 тасини қазиб олади, улар Европа Иттифоқи иқтисодиётида ўта аҳамиятли
саналади. Биз прагматик ёндашувга амал қиламиз, хомашё
материалларига йўл очиш эвазига сармоя ва технологияларни жалб қиламиз. Metso фин компанияси минерал хомашёни
қайта ишлаш, саноат автоматлашуви соҳасида илғор ечимларни тақдим этмоқда. Биз ушбу соҳада ҳамкорликни кенгайтиришда катта салоҳият кўрамиз.
Президент
қишлоқ хўжалиги, молия соҳаси, экология,
рақамлаштириш ва сунъий идрок соҳаларидаги ҳамкорлик аҳамиятига алоҳида
тўхталиб ўтди.
Бизнес-форум иштирокчиларига Қозоғистон яқин уч йил ичида тўлиқ
рақамлашган давлатга айланиш мақсадини ўз олдига қўйгани маълум қилинди. Шунингдек, Қосим-Жўмарт
Тўқаев фин амалий доира вакилларини Халқаро «Астана» молиявий маркази
билан ҳамкорлик қилишга чақирди.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
–Финляндиянинг сунъий идрок ва маҳсулдор ҳисоблаш соҳасида етакчи эканлиги, LUMI суперкомпьютерига эгалигини ҳисобга олсак, СИ соҳасидаги тадқиқотлар, маълумотларнинг илғор
таҳлили, техник таълим ва инновациявий экотизимлар борасида шериклик қилиш учун
улкан салоҳият мавжуд.
Айтиш жоиз, Қозоғистон - Финляндиянинг Марказий Осиёдаги
асосий ҳамкори. Ўтган йили Суомидан мамлакатимизга бевосита инвестициялар ҳажми 80 фоиздан кўпроқ ўсган ва деярли ярим миллиард долларга етган. Бугунги кунда республикамизда
фин капиталига эга 50 га яқин компания муваффақиятли ишлаб турибди. Қозоғистон келгусида ҳам улар мавжудлигини мустаҳкамлаш ва сармоявий
шерикликни равнақ топтириш ниятида.
Абдумалик Сарманов таржимаси

