Қозоғистон экспорти 12,5 млрд долларгача ўсди

Қозоғистон экспорти 12,5 млрд долларгача ўсди

Йил бошидан буён Қозоғистон иқтисодиёти анчагина ўсгани кузатилди. Барча соҳаларда кўрсаткичлар тикланаётгани кўрилмоқда.

Бош вазир раислигида ўтказилган ҳукумат йиғилишида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиши муҳокама қилинди. Таъкидлаш жоизки, ялпи ички маҳсулот 0,7 фоизга ўсди ва ижобий кўрсаткич бера бошлади. Энг юқори ўсиш нохомашё секторида кузатилди. Қайта ишлаш саноати рекорд кўрсаткичлар берди, сўнгги 4 ой ичида унинг ўсиши 7,7 фоизни ташкил қилди. 13 минтақада ижобий кўрсаткичлар кўзга ташланмоқда. Пешқадамлар қаторида пойтахт, Алмати шаҳри ва вилояти бор. Машинасозлик, локомотивлар, электрон ускуналар ишлаб чиқариш, кимё саноатида салмоқли кўрсаткичлар намойиш этилди.

Бундан ташқари, қазиб олишга оид бўлмаган соҳаларга киритилган инвестиция миқдори 32,3 фоизга ўсди. Биринчи навбатда уларга қайта ишлаш саноати, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги киради. Экспорт кўрсаткичлари ҳам кўнгилдагидек. Жорий йилда хорижга юборилган маҳсулот қиймати 11 ярим миллиард долларгача етди.

Асет Ирғалиев, Қозоғистон Республикаси миллий иқтисодиёт вазири:

- Январь-март ойларида ташқи савдо айланмаси 19,7 миллиард долларни ташкил қилди, шу жумладан, экспорт 11,5 миллиард долларга етди. Айни вақтда, нохомашё товарлар экспорти 15 фоизга кўтарилди ва 4 миллиард долларни ташкил қилди. Товарлар импорти 8,2 миллиард долларга етди. Ижобий савдо баланси 3,3 миллиард долларни ташкил қилди. Қозоғистон иқтисодиёти фаол тикланмоқда. Хизматлар кутганимиздан аввал ижобий кўрсаткичларга чиқди.

Йил бошидан буён Манғистау вилояти ва Чимкент шаҳри 7 ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичнинг барчаси бўйича етарлича салмоқли ўсишга эришди. Ақмўла, Ақтўбе, Жамбил, Қарағанди ва Қўстанай вилоятлари бир мунча ортда қолди. Энг қуйи кўрсаткичлар Ғарбий Қозоғистон вилоятида кузатилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси