V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари бошланишига 2 кун қолди. Шу кунларда Астана яқинидаги этноовул номадларнинг ўзига хос маданияти билан танишиш масканигина эмас, мамлакат терма жамоалари спортчиларит тайёрланадиган жойга айланган. Об-ҳаво инжиқликлари ҳам уларга халал беролмайди. Овчи қушлар - бургутлар, қирғий ва лочинлар курашга тайёр.
Серикбек Кунтуғанули, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари иштирокчиси:
– Аждодларнинг санъатини она сути билан сингдирганмиз. Овчи қушларни сидқидилдан тайёрлаяпмиз. Ёз давомида анча оғирлашиб қолишган. Босқичма-босқич шуғуллантиряпмиз. Бош соврин олишдан умидвормиз.
Кўчманчи халқлар узоқ ўтмишдан буён ов учун йиртқич қушларни қўлга ўргатган. Бу анъаналарни сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун ушбу спорт Кўчманчилар ўйинларига киритилган. Қозоғистон жамоаси бу борада пешқадамлар қаторида.
Арманбек Күнтуған, Қушбегилик бўйича Қозоғистон Миллий терма жамоаси катта тренери:
– Қирғизистон, Монголия каби қўшни давлатлар жуда яхши тайёрланган, дея оламан. Улар биз, қозоқлар каби, асрлар давомида қушчилик билан шуғулланган.
Қозоқ халқи тарихида жасур ва бақувват ботирлар исмлари олтин ҳарфлар билан ёзилган. Замондош полвонлар ҳам турли беллашувлар ва байрамларда куч-қудратини намойиш қилади. Улар, албатта, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида маҳоратини кўрсатиши аниқ.
Тимур Спатаев, «Тўлағай» полвонлар танлови ташкилотчиси:
– Бизнинг спортимиз билан шуғулланадиган 17 давлат атлетлари келишига умид қиляпмиз. Бундан фақат ютамиз, чунки меҳмонлар кўп бўлади. Уларга пойтахтимиз жамолини намойиш этамиз, шундай спорт борлигини, забардаст юртдошлар борлигини кўрсатамиз.
Таъкидлаш лозимки, «Тўлағай» полвонлар беллашувига 5 та машқ киради. Иштирокчиларнинг ҳар бири елкасида 100 килограммли қоп билан ўтириб-туради, шундай оғирликдаги тошни масофага ташийди, 130 килограммли хода кўтаради, 200 килоли арава тортади, шунингдек, 10 килограмм вазнли найзани отишади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.