Қозоғистон темир йўлларида сунъий идрок жорий этилади

Қозоғистон темир йўлларида сунъий идрок жорий этилади

Қозоғистонда темир йўл соҳаси рақамли трансформацияси давом этмоқда. Мамлакатда транспорт тизимининг асосий объектлари бўйича маълумотлар ягона Data Lake маълумотлар базасида жамланади. Унга асосланган ҳолда, сунъий идрок технологиялари ва катта маълумотлар таҳлилидан фойдаланган ҳолда Smart Rail интеллектуал майдончаси яратилади. Алгоритмлар темир йўллар, локомотивлар ва вагонлардаги датчиклар маълумотларини таҳлил қилиши, салбий эҳтимолларни олдиндан маълум қилиши, йўналишларни қулайлаштириши, хизмат кўрсатиш сифатини ва бутун логистика занжирини бошқариш самарадорлигини ошириши кутилмоқда. Рақамли технологияларни жорий этиш Қозоғистоннинг транзит салоҳиятини оширади. Унинг Евроосиёдаги энг йирик транспорт-логистика марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди. Жаҳон тажрибаси транспорт соҳасида AI ечимларини жорий этиш самарадорлигини исботлади.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:

- Хитойда, Японияда, Европа Иттифоқи давлатларида транспорт соҳасида рақамли ечимлар ва сунъий интеллектни жорий этиш бўйича фаол иш олиб бориляпти. Улар ҳаракат жадвалини такомиллаштириш, бекор вақт ўтказиш ҳолларини камайтириш, тармоқнинг ўтказиш қувватини ошириш, тармоқ сифатини яхшилашга хизмат қилади. Транспорт вазирлиги «Қозоғистон темир йўли» компанияси билан бирга жорий йил охиригача бутун транспорт-логистика занжирини реал вақт тартибида бошқаришни осонлаштирувчи «маълумотлар кўли»ни яратиши керак.

Абдумалик Сарманов таржимаси