3-4 июль кунлари Қозоғистон пойтахтида Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилади. Унда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан қатор стратегик ҳужжатлар имзоланиши кутиляпти. Шу жумладан, Астана декларацияси ва ўтган йили Қосим-Жўмарт Тўқаев ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашида тилга олган ташаббус – «Адолатли дунё ва тотувлик учун бутундунё бирдамлиги» деб аталган ҳужжат қабул қилиниши кутиляпти. Бу йўналишда ишлар якунланиш арафасида. Ҳужжатлардан мақсад – дунёнинг турли қисмларида юзага келаётган зиддиятларни бартараф этиш учун халқаро кучларни бирлаштиришдан иборат. Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси, ШҲТ фаолияти масалаларида миллий координатори бўлган Мурат Мукушев Silk way телеканалига берган интервьюсида таъкидлашича, унга хавфсизлик, барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш, иқтисодий ҳамкорлик, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари киритилади. Президент тилга олган ташаббус келгуси саммит кун тартибидаги асосий мавзу - «Барқарор тинчлик ва тараққиёт сари кўп томонлама мулоқотни мустаҳкамлаш» билан чамбарчас боғлиқ.
Мурат Мукушев, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси, ШҲТ фаолияти масалаларида миллий координатори:
– Мазкур мавзу ШҲТ плюс учрашувлари учун бежиз танланмаган. Қатнашчилар таркиби етарлича кенг, 20 нафардан зиёд давлат раҳбари, халқаро ташкилот етакчилари чақирилган. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Бош котиби ҳам келиши кутиляпти. Томонлар мулоқотга киришиши, уларнинг ҳар бири барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича фикрларини билдириши лозим. Шу билан бирга, жаҳон ҳамжамияти учун тинчлик ва хавфсизлик масаласи ҳамиша долзарб. Мавжуд вазият юзасидан кенгайтирилган форматда фикр алмашишимиз, қандайдир аниқ таклифлар тайёрлашимиз керак, деган фикрдамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.