Қозоғистон туркий давлатлар билан
ҳамкорликда ерни масофадан кузатувчи ер йўлдошлари ишлаб чиқиш ниятида. Ҳозир бу масала Туркий давлатлар ташкилотида кўриляпти. Эслатамиз, унга Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон ҳам киради. Экспертлар таъкидлашича, лойиҳа минтақадаги табиий
ва экологик ўзгаришларни кузатишга қаратилган космик технологиялар доирасида ўзаро
ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Қайиржан Қўжаев, «Қазақстан ғариш сапари» миллий компанияси бошқаруви раиси:
- Ушбу лойиҳа
доирасида Қозоғистон техник аппарат яратиш ташаббуси билан чиқди. Лекин Туркий давлатлар ташкилоти аъзолари ҳам унда
ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этиши мумкин. Шунингдек, ускуналарга ўз технологияларини киритиши
ҳам мумкин. Барча лойиҳалар, шу жумладан, заминни масофадан кузатиш билан
шуғулланадиган учта ер йўлдоши 2027 йилда учирилиши режалаштирилган. Буларнинг ҳаммаси
ушбу соҳада катта тажриба тўплангани ҳамда уни ривожлантириш истиқболларини
намойиш қилади.
Шунингдек,
Қозоғистон Конго Республикаси учун ер йўлдоши ясаб беради. Мамлакатимиз
Монголия билан KazEOSat халқаро гуруҳига кирадиган космик аппарат ишлаб чиқиш ва етказиб
бериш бўйича ҳамкорлик қилади. Бундан ташқари, республика ўзининг ер йўлдошлари билан боғлиқ технологияларини экспорт қилиш ниятида. Бу эса жаҳон бозорида Қозоғистон мавқеини
оширади, соҳага, шу жумладан, ер йўлдошлари гуруҳини
ривожлантиришга инвестициялар жалб этиш имконини
беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси

