Қозоғистон тарихини QR-код орқали ўрганиш мумкин

Қозоғистон тарихини QR-код орқали ўрганиш мумкин

Эндиликда Қозоғистон тарихини янгича услубда ўрганиш мумкин. Мисол учун, Атирауда исталган киши QR-код кўмагида шаҳар ҳамда Сарайшиқ музей-қўриқхонаси, Хиуаз Доспанова, Жумекен Нажимеденов ҳамда Дина Нурпеисова ёдгорликлари ҳақида маълумотга эга бўла олади. Айтиш жоиз, вилоят маданий меросини рақамлаштириш лойиҳаси маҳаллий бюджетга 15 миллион тенгега тушган. Ҳозир минтақада республика аҳамиятига эга 4 та объект ва маҳаллий аҳамиятдаги 300 дан зиёд тарихий-маданий ёдгорлик бор.

Алима Рамазанова, Вилоят тадбиркорлик ва туризм бошқармаси бўлим раҳбари:

- Ахборот 5 тилда мавжуд. Яъни қозоқ, рус, инглиз, турк ва хитой тилларида. Бу маълумотларни ўқиб-ўрганиш орқали, шунингдек, аудиоёзувни тинглаш ва 3д-тур ёрдамида олса бўлади. Эндиликда бу Қозоғистоннинг турли вилоятларидан келганлар, қолаверса, хорижликлар учун ҳам жуда қулай лойиҳа.

Павлодарда эса машҳур шоир-ёзувчилар, жамоат арбобларининг адабий мероси оммалаштирилмоқда. Таниқли тарихий шахслар ҳақидаги ахборотлар автобус бекатларига жойлаштириляпти. Шаҳар бўйлаб 40 дан ошиқ шундай станцияларда мини-музей деб номланган масканлар очилиши режа қилинган. Лойиҳа муаллифлари шу йўл билан шаҳар аҳолисини Қозоғистон тарихига бебаҳо ҳисса қўшган одамлар билан таништириш мумкинлигига ишонади.

Медет Тауаскан, маданият, тилларни ривожлантириш ва архив иши бошқармаси раҳбар вазифасини бажарувчи:

- Энг муҳими, аҳолини маърифатли қилиш. Одамлар турли йилларда Иртишбўйида туғилган, ижод қилган тарихий шахслар ҳақида ҳамма нарсани билиши лозим. Ўйлайманки, бу яхши ғоя ва кутилган натижани беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси.