Қозоғистон тарихининг янги саҳифалари очиляпти

Қозоғистон тарихининг янги саҳифалари очиляпти

Эрондан топилган архив ҳужжатлари Қозоғистон тарихининг очилмаган саҳифаларига ойдинлик киритади. Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази ўрта асрларга оид қатор материалларни тақдим этди. Тадқиқотчилар Эрон Ислом республикасига қилган экспедицияси давомида 50 дан зиёд қимматли манускриптлардан нусха олишди. Улардан 12 таси мамлакатимизга келтирилди. Хорижий архивдаги Буюк Даштнинг таниқли арбоблари – Чингизхондан тортиб Қосимхонгача бўлган ҳукмдорлар ҳақидаги ноёб маълумотлар аниқланди. Олимлар янги материаллар тарихнинг «оқ доғлари»ни тўлдиришига ишонч билдиришди.

Алмат Абсалиқов, Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази бош эксперти:
– Масалан, «Аҳсан ат тавориҳ» асари 16-асрда Ҳасан бек Румлу томонидан ёзилган. Унда Қосимхон, воқеалар хронологияси, хоннинг тўла шажараси келтирилган. Чингизхондан Қосимхонгача ёзиб ўтилган. Бошқа ишларда эса бу нарса йўқ. Айни вақтда, Ҳакназархон ҳақида кенг материаллар тўпланди.

Энди бу ҳужжатларни илмий айланмага киритиш зарур. Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон  ва Эрон кўп йиллардан буён бу йўналишда ҳамкорлик қилади. Аввалроқ Ислом республикада қўлёзмаларн ўрганиш билан шуғулланувчи олимларимиз учун 9 та махсус курс ташкил этилган. Яқинда китобларни реставрация қилиш ва  каллиграфия бўйича яна бир курс очилади. 

Али Акбар Талебий Матин, Қозоғистондаги Эрон элчихонаси маданият маслаҳатчиси:
– Эроннинг қўлёзмаларни реставрация қилиш бўйича катта тажрибаси бор.  Билимларни Қозоғистон билан баҳам кўришга, қозоқ халқига унутилган ва йўқолган тарихий қадриятларни тиклашга ёрдам кўрсатишга тайёрмиз. Бундан ташқари, махсус тадбирда биз Миллий марказга қўлёзмалар коллекциясини топширдик. Мамлакатлар ўртасида маданий ва маънавий алоқалар фақат ривожланиб, мустаҳкамланиб  боришига аминмиз.

Таъкидлаш лозимки, қимматли маълумотлар «Архив-2025» лойиҳаси доирасида олинди. Бу тадқиқот дастури мамлакат ташқарисида бўлган Қозоғистон тарихига оид материалларни аниқлаш, олиш ва рақамлаштиришга йўналтирилган

Абдумалик Сарманов таржимаси.