Қозоғистон тангаси халқаро мукофот олди

Мухтор Авезовнинг 125 йиллигига атаб ясалган танга халқаро мукофотга лойиқ кўрилди. Жорий йилда бўлиб ўтган «Тангалар юлдуз туркуми» XVII танловида у учинчи ўринни олди. Унда  дунёнинг жами 18 та давлатидан ўтган йили чиқарилган 23 та танга қатнашди. 9 та номинация бўйича ғолибларни профессионал ҳакамлар белгилаб беришди. Унинг таркибига йирик музейлар, аукцион уйлари, нумизматик жамиятлар, махсус нашрларнинг вакиллари кирди. Таъкидлаш лозимки, бошқа номинацияларда ғалаба қозонган Беларусь ва Қирғизистон Миллий банкларининг тангалари ҳам Қозоғистон зарбхонасида чиқарилган.

Алмат Басенов, Қозоғистон Миллий банки бош дизайнери:
- Бу номинацияда ҳеч қандай энг янги технология, турли бўёқлар, бриллиантлар, турли тошлар, олтин суви ишлатилмасдан яратилган тангалар қатнашади. Яъни, танга зарбхона санъатининг азалий қоидаларига кўра ясалиши зарур. Мухтор Авезовга бағишланган танга ҳам шундай технология асосида ясалган. Унинг орқа томонида патқалам ва имзо тимсолини кўрасиз. Бу эса Мухтор Авезовнинг қозоқ адабиёти классиги сифатидаги мақомини кўрсатиб турган бўлса керак.

«Коинот ғоялари» туркумидаги янги коллекция тангалари чиқарилди

Айни вақтда, Қозоғистон миллий банки «Коинот ғоялари» туркумидаги янги коллекция тангаларини чиқарди.  500 та Táńirlik Tanym тангасида Тенгри нигоҳи мураккаб технология ёрдамида кумуш ва танталдан тайёрланди. Дизайнерлар фикрича, тангалар оқартувчилик мақсадида ясалган. Улар орқали қадимий цивилизациялар тўғрисида ҳикоя қилинади. TÁŃIRLIK TANYM да ҳаёт дарахти – Байтерек, унинг тепасида Самруқ, илдизларининг ёнида эса аждар Айдахар суратлари туширилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси.