Астанада энергия тежамкорлиги бўйича IV Халқаро форум бўлиб ўтмоқда

Астанада энергия тежамкорлиги бўйича IV Халқаро форум бўлиб ўтмоқда

2025 йилга бориб, Қозоғистонда ялпи ички маҳсулот учун энергия сарфи йигирма беш, 2050 йилга бориб, эллик фоизга қисқаради. Ҳозирча мамлакат 14 фоизлик маррага эришди. Астанада бўлиб ўтаётган Энергия тежамкорлиги IV халқаро форумида энергетика захиралари сарфини камайтириш, бу йўналишда алоқаларни мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилинди. Унда экспертлар ва соҳа компаниялари, давлат органлари, БМТ Тараққиёт дастури вакиллари қатнашди. Форум иштирокчилари фикрича, энергия самарадорлигини оширишда асосий воситалардан бири сифатида 2013 йилда қабул қилинган Давлат энергетика реестрини кўрсатиш мумкин. Бу механизм воситасида саноатда энергия сарфи 2 марта камайди. Таъкидлаш лозимки, унинг ишлаш шартлари қонунчиликда кўрсатилган. Ҳужжат 10 йил аввал қабул қилинган, жорий йилда унга ўзгаришлар киритилди. Бу йўналишдаги ишларда, жумладан, энергия аудитида янгича ёндашувлар, шунингдек, республика миқёсида энергия тежаш режалаштирилган.

Бауржан Смағулов, Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги электр энергетикаси ва энергия тежамкорлигини ривожлантириш институти бошқаруви раиси:

- Шунингдек, корхоналарга энергия менежерлари тайинланади. Аввал бундай лавозим бўлмаган. Энергия самарадорлиги бўйича давлат харидлари ҳам аввал йўқ эди. Аслида, энергия тежашга қаратилган ускуналар, приборлар, самарали воситалар жуда кўп. Фақат давлат идоралари улар бўйича махсус харид сиёсати юритмаган. 2023 йилдан бошлаб, шундай давлат харидлари жорий этилади. Шунингдек, бюджет ташкилотлар учун энергия сарфи меъёрлари белгиланади.

Дусенбай Турғанов, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси Депутати:

- Жорий йил ёзида амалдаги қонунчиликка ушбу ўзгаришлар киритилиши илгари силжиш учун кенг йўл очади, деб ўйлайман. Энергия тежаш борасида анча катта ўзгаришлар юз беради, деган умиддамиз. Бугунги форум, унга ўхшаш анжуманлар ўтказилаётганидан мамнунман. Улар кўп нарсани тушуниб етиш ва энергия тежамкорлиги бўйича таклифларни тинглаш имконини беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси.