Қозоғистон ўсимликлари уруғлари Шпицберген омборига жўнатилди

Қозоғистондан 500 дан зиёд озуқа учун ишлатиладиган ўсимликлар намунаси Шпицберген глобал омборига юборилди. Улар ичида буғдойиқ, житняк ва бошқа кўп йиллик ҳамда донли флора вакиллари бор. Намуналарни абадий музлик шароитида сақлайдиган дунёдаги энг йирик қишлоқ хўжалик экинлари генетик жамғармасига топшириш маросимида Қозоғистон зироатшунослик ва экинчилик илмий-тадқиқот институти вакиллари ҳам қатнашди. Уларнинг айтишча, бу тадбир мамлакатимиз озуқа экинлари турлари ва экотиплари даражасида сақлаб қолиниши учун хизмат қилади. Таъкидлаш лозимки, Норвегиядаги бу омборда бугунги кунда турли мамлакатлардан келтирилган намуналар бор. Унда олти минг турдаги ўсимликнинг 89 уруғчилик банкидан олинган миллиондан зиёд уруғи мавжуд. Омборхона глобал фалокат юз берган тақдирда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун қурилган. 


Ғалиўлла Мейрман, Қозоғистон Зироатшунослик ва экинчилик илмий-тадқиқот институти Инновациялар бўйича бошқарув раиси ўринбосари:

Қозоғистон ўсимлик захираларига бой, 70 фоиз ҳудуди, яъни, 180 миллион гектардан зиёд майдони яйлов. Бу яйловларнинг биологик хилма-хиллигини генлар банкига захиралар киритиш ҳамда қўриқланадиган ҳудудларда заказникларни ташкил қилиш йўли билан сақлаб қолиш лозим. Институт қошида ҳозир энг қимматли ўсимликлар ўсадиган дала шароити яратиш устида иш олиб боряпмиз. 


Абдумалик Сарманов таржимаси.