Қозоғистонга Нидерландиядан йўлбарслар келтирилади

Қозоғистонга Нидерландиядан йўлбарслар келтирилади

Турон йўлбарслари тарихий ҳудудига қайтади. Буюк Даштга Нидерландиядан бундай жониворлар келтирилади. Экология ва табиий захиралар вазирлиги ҳамда Бутундунё ёввойи табиат жамғармаси йўлбарслар популяциясини тиклаш тўғрисида меморандум имзолади. Аввалроқ Қозоғистон Ҳукумати йўқолиб кетган ва кам учрайдиган жониворларнинг қайта кўпайишини таъминлашга қаратилган лойиҳасини тақдим этганди. Ҳозир йўлбарслар учун шароитлар яратиляпти, Балхаш кўли яқинида махсус муҳофаза қилинадиган табиий ҳудуд ажратилди.  

Жансая Темиржан, Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий захиралар вазирлиги қўмитаси Бош эксперти:

– Йўлбарсларнинг Қозоғистонга қайтиши – фақат экологик жиҳатдан эмас, балки тарихий меросимизни тиклашимиз бўйича ҳам олиб бораётган ишларимизнинг меваси, дейиш мумкин. Шартномага кўра иккита йўлбарс бизга совға қилинади. Или-Балхаш резерватига кўчириш ишлари шу йил кузда амалга оширилади. Улардан насл олиш учун жониворлар ярим эркин, вольерлар ичида сақланади. Уларнинг болалари маҳаллий шароитга мослашиши учун бир ярим-икки йил мобайнида ер йўлдоши орқали кузатилади, сўнгра эркинликка чиқарилади. 

Шу каби Россия билан ҳам Амур йўлбарсларини олиб келиш режалаштирилган. Бу иш 5 йилдан кейин амалга оширилади. Мазкур дашт жонивори ареалини кенгайтириш тўғрисида келишув 2022 йилда имзоланганди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.