Қозоғистон Президенти ва Чехия Бош вазири музокара ўтказди

Қозоғистон Президенти  ва Чехия Бош вазири музокара ўтказди

Ақўрдада Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Чехия Бош вазирини кутиб олиш маросими ўтказилди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Андрей Бабиш бир-бирига делегация таркибини таништирди. Икки давлат мадҳияси янгради.

Расмий маросимдан сўнг музокаралар бошланди. Томонлар саноат, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва соғликни сақлаш соҳаларида ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Чехия Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги энг асосий савдо ҳамкорларидан бири эканлигини таъкидлади. У икки давлат алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун салмоқли салоҳиятга эгалигини кўрсатиб ўтди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Товар айланмаси динамикаси ижобий. Албатта, биз савдо-иқтисодий алоқалар кенгайишига ҳаракат қиламиз. Бугун Қозоғистонда 190 тадан зиёд чех компанияси, шу жумладан салмоқли инвестор бўлган Škoda, Omnipol, Tatra ва ZVVZ фаол ишлаяпти. Қозоғистон қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар очаётганини ишонч билан айта оламан.

Чехия Ҳукумати раҳбари Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевни янги Конституция бўйича референдум муваффақияти билан табриклади, Қозоғистоннинг турли соҳалардаги ютуқларини юқори баҳолади. 

Андрей Бабиш, Чехия Республикаси Бош вазири:

– Аввало биз энергетика соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашни истардик. Узоқ муддатга нефть етказиб беришдан манфаатдормиз.  Албатта, Қозоғистон дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчи сифатида ҳам биз учун муҳим, чунки энергетика соҳасини ривожлантириш стратегиямиз атом энергетикасига таянади.

Қозоғистон Президенти Андрей Бабишнинг Чехияга таклифини қабул қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Чехия Републикаси Бош вазирини мамлакатлар орасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун І даражали «Дўстиқ» ордени билан мукофотлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси