Қозоғистон Президенти телерадиомажмуаси ҳамкорликни кенгайтиряпти

Қозоғистон Президенти телерадиомажмуаси ҳамкорликни кенгайтиряпти. Хитойнинг телеканаллари дунёнинг 160 мамлакатида намойиш этиладиган CGTN глобал телетармоғи у билан ҳамкорлик ўрнатди. Silk Way миллий йўлдошли телеканали халқаро медиаташкилот билан бирга мамлакат телевидениесида қатор дастурлар туркумини бошлади, улардан бири телекўприк форматида ўтказилади. Бошловчилар экспертлар билан бирга Қозоғистон ва ХХР ўртасидаги икки томонлама алоқаларни, шунингдек, ШҲТ саммити кун  тартибини муҳокама қилади. 

 

Айнур Иманғали, Silk way телеканали бош муҳаррири:


- Бугунги кунда Қозоғистон  ва Хитой ўртасида муҳим ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Хитой Қозоғистоннинг биринчи рақамли савдо ҳамкори. Бу мавзуларнинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда биз шундай алоқа ўрнатдик. Астанани Пекин билан, Қозоғистонни Хитой билан телекўприк орқали боғладик. Студиямизда Қозоғистон экспертлари, Пекин студиясида Хитой экспертлари тўпланди. Биз шу тариқа турли фикрлар синтезини яратдик.

 

Бундан ташқари, томошабинлар ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ток-шоуни  томоша қилишди. Мунозараларда Қозоғистон ва халқаро экспертлар қатнашди, улар глобал кўп векторли мулоқот, иқтисодий ва туристик ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. Лойиҳада Айнур Иманғалига қошида Хитойнинг машҳур журналисти Тиан Вэй ҳам бошловчилик қилди.

 

Тиан Вэй, CGTN бошловчиси:


- Бундай сонияларда биз бошқа ҳамкасбларимиз билан биргаликда нималарни ярата олишимизни намойиш қиламиз. Мен каналнинг қисқача тарихи билан танишиб чиқдим. Телеканалингизга келганимда унинг замонавий жиҳозланган мажмуа эканлигини кўрдим. Қурилмаларини, одамларнинг маҳоратини кузатдим. Буларнинг ҳаммаси бизнинг Пекиндаги фаолиятимизни эслатди.

 

Икки телеканал эфирида Silk Way ва СGTN репортёрларининг янгиликлари намойиш қилинади, улар Хитой ва Қозоғистоннинг савдо-иқтисодий, дипломатия ва маориф соҳаларидаги ҳамкорлиги ҳақида ҳикоя қилишади. ШҲТнинг саммити ҳам тўлақонли ёритилади. Шунингдек, Silk Way телеканалида «Ипак йўли симфонияси: Биринчи ўн йиллик» ҳужжатли фильми ва «Шанхай руҳи» студия ток-шоуси намойиш этилади. Телерадиомажмуанинг ҳужжатли кино маркази CGTN томошабинлари учун махсус фильм яратган. У 5-6 июль кунлари эфирга чиқади. Буларнинг барчаси медиа-ҳамкорликнинг бошланиши, холос. Олдинда янада катта қўшма лойиҳалар ва режалар турибди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси