Қозоғистон Президенти тошқинга қарши курашда намуна кўрсатганларни мукофотлади

Қозоғистонликлар тошқинга қарши курашда бирдамлик ва ҳамжиҳатлик намунасини намойиш қилди. Фуқаролар табиий офатга биргаликда қарши тура олди, дея яна бир марта таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев. Бугун Ақўрдада Давлат раҳбари амалга оширилган чора-тадбирларда фаол қатнашган қозоғистонликларни тақдирлади. Президент мазкур тошқинлар мамлакат тарихида энг кўп вайронагарчилик олиб келганини тилга олди. 10 минтақада фавқулодда вазият жорий этилди, 19 мингтадан зиёд уй зарар кўрди, 120 минг нафар фуқаро кўчирилди. Сув балосига қарши курашда 63 минг нафар куч ишлатиш тизими ходими, қутқарувчилар, врачлар, бизнесмен ва волонтёрлар қатнашди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Табиий офат бошланган дастлабки кундан миллий кўнгиллилар тармоғи фаол ишга киришди. 50 минг нафардан зиёд кўнгилли мурувват карвонларини ташкил қилди. Улар сув босган ҳудудларга озиқ-овқат маҳсулотлари, бошқа биринчи эҳтиёж молларини етказиб беришди. Қозоғистон халқи Ассамблеясининг «Юракдан юракка» акцияси умумий ишга қўшилган катта ҳисса бўлди.

Давлат раҳбари бор жамғарган пулини Кульсари аҳолиси учун йўллаган Гаухар Шаймерденнинг ота-онасига миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у Атирау вилоятидаги 90 ёшли Ўринши Тўқтибаққизи ва Алия Дўсмухановани алоҳида тилга олди. Қозоғистон Президенти берилган ёрдам учун қардош мамлакатлар, халқаро компанияларга миннатдорчилик билдирди.

 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Ҳақиқий дўст бошингизга иш тушганида билинади, деган нақл бор. Баъзи хорижлик фуқаролар жабрланганларга шахсан ёрдам бериш мақсадида етиб келди. Вазиятдан фойдаланиб, чет эллик ҳамкорлар ва дўстларга самимий миннатдорчилик билдираман.

 

Президент уй-жойсиз қолган қозоғистонликларга «Қозоғистон халқига» жамғармасидан маблағ ажратилганини эслатди. Шу жумладан, 2 минг 200 та уй бунёд этилади, 10 мингтаси таъмирланади. Мамлакатимиз тадбиркорлари ҳам салмоқли ёрдам кўрсатди. Қосим-Жўмарт Тўқаев табиий офат оқибатларини бартараф этишда қатнашган барча инсонларга ташаккур изҳор қилди. «Мусаффо Қозоғистон» акцияси ҳақида эслатди.  Шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш ва экологик онгни ривожлантириш учун қозоғистонликлар кучларини бирлаштиришга чақирди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.