Туркистонда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммити жаҳон оммавий ахборот воситалари эътиборини жалб этди. Хорижий нашрлар ташкилотга аъзо давлатлар етакчиларининг рақамлаштиришга оид фикрлари ва таклифларини алоҳида кўрсатди.
Шу жумладан, «Euronews» халқаро медиа ташкилоти аналитиклари батафсил шарҳ тақдим қилди. Асосий эътибор технологияларни биргаликда ривожлантиришга қаратилган. Мақола муаллифи саммитнинг тарихий-маданий мазмунини таъкидлади, Туркистонни туркий дунё маънавий пойтахти, деб атади.
The Times of Central Asia нашри эса ТДТга аъзо мамлакатлар транзит салоҳиятига эътибор қаратди. Мақолада таъкидланишича, Марказий Осиё минтақаси бугунги кунда Европа ва Хитой ўртасидаги муқобил савдо йўлаги сифатида кўпроқ аҳамиятга эга бўляпти. Бунда Транскаспий халқаро транспорт йўналиши асосий ҳалқа бўлиб хизмат қилади. унинг ривожланиши бирлашмага аъзо давлатлар ўртасида товар айланмаси, иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга имкон беради.
Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги аналитиклари таъкидлашича, ТДТ норасмий саммитининг асосий вазифаларидан бири – гуманитар ва технологик соҳаларда қўшма илмий ташаббусларни ривожлантириш ҳисобланади. Материалда Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев таклифлари алоҳида кўрсатилган. Улар қаторида – Туркистонда турк тамаддуни маркази яратиш, сунъий интеллект марказлари тармоғини ривожлантириш, Қозоғистондаги янги СИ-университетда туркий давлатлар талабалари учун грантлар ажратиш масаласи алоҳида таъкидланган. Журналист саммит ғояси ўта муҳимлигини кўрсатган. Замонавий геосиёсий вазиятда давлатлар ўртасидаги жипслик олд планга чиқяпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси

