Қозоғистон Президенти Астанадаги спорт объектларини кўриб чиқди. Олдинига Қосим-Жўмарт Тўқаев Бекзат Саттарханов номли кўп вазифали мажмуа иши билан танишди. Унда турли даражадаги спорт тадбирлари ўтказилади, аҳоли учун соғломлаштирувчи ва дам олиш дастурлари ташкил қилинади. Объект ҳудудида футзал, волейбол ва баскетбол майдончалари, бокс, дзюдо, қозоқ кураши ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиш учун яккакурашлар зали мавжуд. Давлат раҳбари таъкидлашича, оммавий спортни ривожлантириш учун бундай мажмуалар сонини кўпайтириш керак. Шунингдек, президент ёш боксчилар ва футболчилар билан суҳбатлашди.
– Мен жамоа капитаниман. Биз Қозоғистон чемпионатига тайёрланяпмиз. Футбол дўстлик ва меҳнатсеварликка ўргатади. Қозоғистонни жаҳон биринчилигига олиб чиқиш ва ғалаба қозонишни ният қилганмиз.
Президент «Даулет» теннис марказига ҳам борди. Бу ерда 600 нафар бола шуғулланади, уларнинг 85 нафари бюджет ҳисобидан шуғулланади. Марказда 57 та спорт-соғломлаштириш гуруҳи мавжуд. У пойтахтдаги кўп сонли, шу жумладан, алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болалар теннис билан шуғулланиши учун йўл очиб берадиган ижтимоий-спорт объектлардан бири.
– Беш ёшимдан теннис билан шуғулланаман. Бу спорт менга жуда ёқади. Республика турнирида ғалаба қозондим. Учинчи ўсмирлар разрядини олганман. Юртимизни дунё миқёсида машҳур қилиш ниятидаман.
Абдумалик Сарманов таржимаси

