Наташа Пирц-Мусар Қозоғистонга келди

Наташа Пирц-Мусар Қозоғистонга келди

Словения – Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкори. Мамлакатдан Қозоғистон иқтисодиётига бевосита инвестиция миқдори 200 миллион долларга етган. Словения капиталига эга тахминан 20 та компания республикамизда фармацевтика, машинасозлик, телекоммуникациялар ва тикланувчи энергетика каби соҳаларда муваффақиятли ишлаб келмоқда. Бугун Словения президенти Қозоғистонга расмий ташриф билан келди. Ақўрдада Наташа Пирц-Мусарни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Сўнг икки давлат раҳбарлари тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Наташа Пирц-Мусар ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингда натижаларни маълум қилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Тоғ саноати, “яшил” энергетика, атом саноати, рақамлаштириш ва инновациялар, соғлиқни сақлаш, туризм соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувларга эришилди. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш учун мен Ҳукуматлараро комиссия ишини фаоллаштиришни, унинг фаолиятини янги босқичга кўтаришни таклиф қилдим. Истиқболли вазифалардан бири – давлатларимиз ишбилармон доиралари орасидаги алоқани кенгайтириш. Биз «Қозоғистон-Словения» Амалий кенгашини тузиш масаласини кўриб чиқдик.

Транспорт-логистика алоқаларини кенгайтириш ҳам эътибор марказида бўлди. Хусусан, давлат раҳбарлари Словениянинг «Лука Копер» денгиз портини Транскаспий халқаро транспорт йўлаги лойиҳасига киритиш масаласини муҳокама қилди. Қозоғистон сув захираларини бошқариш соҳасида биргаликдаги ишни кучайтириш ниятида. Томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликка ҳам диққат қаратди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Шунингдек, таълим, фан ва маданият соҳаларидаги алоқаларни жадаллаштиришда ҳам сезиларли салоҳият мавжуд. Словения таълим тизими халқаро даражада илғор дея эътироф этилган. Шу боис, икки давлат университетлари ўртасида алоқа боғланишидан умидвормиз. Қозоғистон Словения олий ўқув юртлари ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр.

Икки давлат етакчилари, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибида турган масалаларга ҳам тўхталди, икки давлат позицияси яқинлигини таъкидлади.


Наташа Пирц-Мусар, Словения Президенти:


– Ишончим комилки, бугунги учрашув ва, умуман, ташриф Словения ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар тарихида янги саҳифа очади. Ҳар иккала давлат халқаро ҳуқуқ, барқарор тараққиёт ва ўзаро тушунишга, ҳурматга асосланган ҳамкорликка катта эътибор қаратади. Бунинг учун миннатдорман ва келажакда ҳам шундай бўлади, деган умиддаман.


Музокаралар якунлари бўйича президентлар Қўшма баённома қабул қилди. Шу билан бирга, таълим, туризм ва савдо соҳаларида бир қатор меморандумлар тузилди. Сармоя борасидаги алоқаларни ривожлантириш учун эртага Астанада Қозоғистон-Словения бизнес-форуми ташкил этилади. Пойтахтимизга Словениянинг 25 та етакчи компанияси вакилларидан иборат ҳукумат делегацияси ташриф буюрган.


Абдумалик Сарманов таржимаси