Қосим-Жўмарт Тўқаев
Синьхуа ахборот агентлигига батафсил интервью берди. Осмоности юрт билан ҳар
томонлама яқин ҳамкорликни юқори баҳолар экан, Давлат раҳбари Қозоғистон бундан
кейин ҳам ушбу шерикликни, хусусан, амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан
манфаатдор эканлигини таъкидлади. Рақамлар шундан далолат беради. Ўтган йил
якунларига кўра, Хитой юртимиз иқтисодиётига 2 миллиард доллар сармоя йўллаган
ва мамлакатимизнинг йирик хорижий инвесторлари тўртлигига кирган. Ўзаро савдо
кўрсаткичлари 30 йил мобайнида 100 марта ўсган, 2023 йилда эса 40 миллиард доллардан
ошган.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси
Президенти:
- Қозоғистон Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» мегалойиҳасини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайди ва миллий стратегияларимизнинг кейинги туташувида ҳам фаол қатнашишда давом этишга тайёр. Таъкидламоқчи эдимки, биз Хитой билан келгусида ҳам кўп қиррали муносабатларни чуқурлаштиришда ўз олдимизга амбицияли режалар қўйганмиз. Бунинг учун барча зарур шарт-шароит ва асослар яратилади. Ишонаманки, ўзаро ҳамкорлигимизда ҳозирги юксак ўсиш суръатини ҳисобга олсак, маҳсулот айланмасини 100 миллиард долларга етказиш эришса бўладиган маррага айланади.
Давлат раҳбари ХХР раисининг Астанага давлат ташрифи сермаҳсул бўлишига ишонч билдирди. Қолаверса, ташриф доирасида Си Цзиньпин ШҲТ саммитида иштирок этади. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, Ташкилот тўлақонли «Шанхай ўнлиги» форматидаги ишини айнан Астанадан бошлайди. Умуман, президент ушбу саммитга катта умид боғлаётганига урғу берди. Унинг айтишича, олдинда турган тадбирнинг якуний қарорларида «Шанхай руҳи»нинг асосини ташкил этган тамойиллар акс эттирилиши керак. Бу – ўзаро ишонч, дўстлик, умумий фойда ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш.
Абдумалик Сарманов таржимаси.