Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Самарқандда бўлиб ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилишида қатнашади. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонга 15 давлат раҳбари ташриф буюради, шундан 8 нафари ШҲТнинг доимий аъзоси бўлган мамлакатлардан. Қолганлар эса кузатувчи мақомидаги ва таклиф этилган давлатлардан. Самарқанд саммити доирасида ташкилот фаолиятини ривожлантиришга оид қатор қарорлар қабул қилиниши ва аъзолар сони кенгайиши кутилмоқда. Душанбеда бўлиб ўтган йиғилишда Эронни ташкилотнинг тўлақонли аъзолигига қабул қилиш жараёни бошланганди. Қўшма йиғилишда бу масала ниҳоясига етиши кутиляпти. Ҳозирча Ислом республикаси кузатувчи мақомида. Беларусь ҳам шундай мақом олиши мумкин.
Чжан Мин, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби:
- Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлиш истагини билдирган кўплаб давлатлар бор. Қандай мақомда бўлиши муҳим эмас. Бу борада биз очиқ фаолият юритишимизни намойиш этамиз ва уларнинг истакларини маъқуллаймиз.
Саммитда муҳокама қилинадиган асосий мавзулардан бири – унинг аъзоларига қўйилган санкциялар таъсири ва хавфсизлик масаласи.
Чжан Мин, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби:
- Жаҳонда юзага келган вазиятга кўра биз ташкилот ташқарисидаги ва ичидаги таҳдидларга қарши тура олишимиз керак. Ташқарида – геосиёсий вазият. Озиқ-овқат, энергетика занжирига таъсир кўрсатувчи узилишлар ва ахборот хавфсизлиги, иқлим ўзгаришларини кўрсатиш мумкин.
Айни вақтда, халқаро экспертлар Самарқанд саммити мамлакатлар ҳамкорлигида янги саҳифа очишини таъкидлайди. У ШҲТ аъзолари ўртасида ўзаро фойдали алоқаларга янги туртки беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.