Қозоғистон Конституциясига 30 дан ортиқ ўзгариш ва қўшимчалар киритилади, йил охирига қадар 20 дан зиёд янги қонун қабул қилинади. Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров яқинда Давлат раҳбари Мактубида келтирилган ислоҳотларда кўзда тутилган янги сиёсий маданиятни шакллантириш борасида сўз юритди. Унинг айтишича, Президент топшириқларини бажариш доирасида вазирлик учта асосий йўналиша эътибор қаратади. Бу - мамлакатнинг маъмурий-ҳудудий тузилишини такомилига етказиш, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш ва инқирозга қарши чораларни қайта кўриб чиқиш. Юртимизда учта янги вилоят пайдо бўлишига келсак, вазирлик махсус йўл харитаси ҳамда зарурий чоралар режасини ишлаб чиқишни кўзлаган. Вазир инқирозга қарши чоралар бўйича оператив штаб ишига алоҳида тўхталиб ўтди.
Алибек Қуантиров, Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири:
- Давлат раҳбари топшириғини бажаришда Миллий иқтисодиёт вазирлиги Инқирозга қарши дастурни амалга ошира бошлади. Айни вақтда масъул давлат органлари билан аниқ таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Миллий иқтисодиёт вазирлиги томонидан Давлат раҳбарининг Қозоғистон халқига мурожаатида кўзда тутилган ҳар бир топшириқ тўла ва тезкор бажарилади. Режалар самарали рўёбга чиқиши учун жараёнларни бюрократликдан чиқариш ва натижага қаратиш тамойилида иш олиб борамиз.
Дарвоқе, Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Алихан Смаилов масъулларга Инқирозга қарши чоралар режасини 25 мартга қадар Ҳукуматга тақдим этишни топширди. Чора-тадбирлар иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, инфляция устидан назоратни кучайтириш, валюта бозорини барқарор ушлаш, иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилиши лозим. Бош вазир вилоятларни ривожлантиришга оид вазифаларга ҳам тўхталди. Ҳукуматга минтақаларни молиялаштириш, давлат харидлари тизимини енгиллаштириш тартибини синчиклаб кўриб чиқишни буюрди.
Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Давлат раҳбари олдимизга кенг миқёсли вазифаларни қўйган, булар мамлакатни жадал ривожлантириш, иқтисодиёт барқарорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, халқ турмуши ва фаровонлигини яхшилашга қаратилган. Ҳамкасблар, ҳозир хотиржамликнинг ўрни эмас. Давлат раҳбари айтиб ўтган ислоҳотларни самарали амалга оширишга барчамиз масъулмиз. Жамият ишончини оқлашимиз зарур. Шунга кўра, мазкур вазифага алоҳида масъулият билан киришишни сўрайман.
Абдумалик Сарманов таржимаси