ШҲТ саммити тарихга «Шанхай ўнлиги» номи билан киради. Ушбу тарихий воқеада қатнашиш учун Қозоғистон пойтахтига 16 та давлат ва ҳукумат раҳбари, қатор халқаро ташкилотлар етакчилари келди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз нутқида Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти халқаро муносабатлар тизимининг муҳим механизмига айланганини ва барқарор ривожланишга салмоқли ҳисса қўшаётганини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- ШҲТ давлатлари ҳудудида уч миллиарддан зиёд одам яшайди. Ташкилот таркибида дунёнинг ялпи маҳсулотининг учдан бирини берувчи энг йирик ривожланаётган мамлакатлар бор. Бу эса ташкилотимизнинг улкан салоҳияти ва глобал ролини яққол кўрсатади. ШҲТ аъзо бўлган барча давлатлар овози ва манфаатлари тенг ҳисобга олинадиган майдонча сифатида ўзини кўрсатди. Ўзаро узоқ муддатли ҳамкорлигимиз мана шундай мустаҳкам демократик асос негизида қад ростлаган. Унинг янги мазмунга эга бўлишига ишончим комил.
Қозоғистон аввалги саммитда тилга олинган барча мақсадлар, вазифаларга эришишни уддалади. ШҲТга аъзо давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон ташаббусларида қатнашгани ва уларни рўёбга чиқаришда фаол қатнашгани учун барча мамлакатларга миннатдорчилик билдирди. Таъкидлаш лозимки, юртимиз раислик қилган даврда 150 тадан зиёд турли даражадаги тадбирлар ўтказилди. Ташкилотнинг шартномалар базаси яна 60 та янги ҳужжат билан бойиди, ҳамкорлар давраси кенгайди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- «ШҲТ формати»ни янада жозибадор қиладиган қатор лангар лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Шу жумладан, «ШҲТ давлатлари муқаддас зиёратгоҳлари» лойиҳаси ва «ШҲТ Ипак йўли» биринчи халқаро мусиқий фестивали ўтказилди. Қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун 10 та туристик ҳудуд белгилаб олинди. Алмати шаҳри ШҲТнинг туристик пойтахти бўлди.
Саммитда Астана декларацияси қабул қилинди. Ташкилотни ривожлантиришга, ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтирилган 25 та ҳужжат имзоланди .
Абдумалик Сарманов таржимаси.

