Қозоғистон-Озарбайжон ҳамкорлиги кенгайиб боряпти

Қозоғистон-Озарбайжон ҳамкорлиги кенгайиб боряпти

Бугун Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари Ақўрдада музокара юритди. Қароргоҳ қошида Илҳом Алиев тантанали кутиб олинди. Эслатамиз, Озарбайжон етакчиси мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Илҳом Алиев икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Шу жумладан, савдо, инвестиция, аграр соҳа, транзит-транспорт сектори кўриб чиқилди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев , Қозоғистон Республикаси Президенти:


– Сизнинг Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи билан келишингиз биз учун шараф, жуда мамнун бўлдик. Бу ўзаро стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчиликни янада мустаҳкамлашда жуда муҳим қадам. Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, Қозоғистон ва Озарбайжон дўст, қардош давлатлар. Шунинг учун бу алоқалар ҳамиша асосий эътиборда. Савдо-иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни ривожлантириш биз учун мутлақо кечиктириб бўлмайдиган жуда муҳим вазифа.


Озарбайжон Президенти Қозоғистон-Озарбайжон алоқалари фаол кенгайиб бораётганини, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.


Илҳом Алиев, Озарбайжон Республикаси Президенти:


Бугунги кунда Қозоғистон ўта юқори ривожланиш даражасида эканлигини кўрсатяпти. Сиз амалга ошираётган ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатамиз, модернизациялаш ишларини қўллаб-қувватлаймиз. Икки томонлама муносабатлар стратегик ва иттифоқчиликдан иборат эканлигини айтиб ўтдингиз. Биз барча йўналишларда алоқаларни мустаҳкамлаш ниятидамиз.


Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Илҳом Алиевга Хитой ҳамда Марказий Осиё давлатларини Европа билан боғловчи Ўрта йўлакни ривожлантириш лойиҳаси тақдим этилди. Йўналиш ўсишида Хитойдан Озарбайжонга ташиладиган юк ҳажми ортиши асосий ўрин тутади. Прогнозларга кўра, 5 йил ичида юк оқими уч марта ошади. Шунинг учун йўллар, темирйўл тармоғи, портларни модернизациялаш устувор вазифа бўлиб қоляпти.


Қосим-Жўмарт Тўқаев , Қозоғистон Республикаси Президенти:


Ўтган йили йўлак орқали юк ташув ҳажми 62 фоизга ортди ва 4,5 миллион тоннага етди. Жорий йил кўрсаткичлари ҳам чакки эмас: ўсиш камида 2 фоиз. Хорижлик ҳамкорлар билан ундаги «заиф нуқталар»ни бартараф этиш, йўлак бўйлаб ягона тарифлар белгилаш устида ишлаяпмиз. Натижада, бутун йўналиш бўйича узлуксиз юк ташиш таъминланади, режалаштирганимиз каби, ташилган юк ҳажми йилига 10 миллион тоннага етади.


Томонлар икки томонлама товар айланмасини икки марта ошириш, бир миллиард долларга етказиш тўғрисида келишиб олди.


Абдумалик Сарманов таржимаси