Қозоғистон Президенти Россияга иш ташрифи билан борди

Қозоғистон Президенти Россияга иш ташрифи билан борди

Куни-кеча Кремлда ўтган учрашувда Қозоғистон ва Россия етакчилари таълим соҳасида ҳамкорликка катта эътибор қаратди. Муҳандислик-техник йўналишдаги малакали кадрлар зарурлигини ҳисобга олган ҳолда Қозоғистонда етакчи Россия олий илм даргоҳлари филиаллари тармоғини кенгайтириш ҳамда қўшни мамлакатда «Бўлашақ» дастури асосида мутахассислар тайёрлаш хусусида келишиб олинди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоғистонда кўпчиликка маълум илм даргоҳлари филиаллари очилган. Москва муҳандислик-физика институти, Губкин номли университет, Бауман билим юрти улар қаторида. Таълим соҳасида муваффақиятга эришилмоқда.

Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, томонлар ишлаб чиқаришда кооперацияни чуқурлаштириш, янги иш ўринлари очишга қаратилган стратегик қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратади. Томонлар рақамлаштириш ва космосни ўзлаштиришда ҳам биргаликда иш юритиш ниятида.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Биз ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтиришни синчиклаб кўриб чиқдик, мамлакатларимиз 13 та йирик лойиҳани охирига етказди. Жами 2 ярим миллиард доллар қийматга эга 8 лойиҳа рўёбга чиқариляпти, яна 1,5 миллиард доллар инвестиция киритилиши режалаштирилган 11 лойиҳа ишлаб чиқиляпти.

Музокаралар давомида икки давлат раҳбарлари ўзаро савдо ҳажми анча ортганини таъкидлашди. Ўтган йилнинг ўзида бу кўрсаткич 21 миллиард долларни ташкил қилди ва пандемиядан аввалги кўрсаткичлардан ошиб кетди. Бундан ташқари, Россия компаниялари Қозоғистон иқтисодиётига сармоя киритаётган инвесторлар бешлигига киради. Жами 17 миллиард доллар сармоя олиб келган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоғистон Россия хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони бўйича етакчи эканлиги шубҳасиз. Бундай компанияларнинг учдан бир қисми россияликлар иштирокида тузилган. Инвестициявий портфелда деярли барча соҳалар бор.

Сўнгра Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозон шаҳрига йўл олди. Президент диққатга сазовор жойларни кўриб чиқади, республика раҳбари Рустам Минниханов билан учрашади, мамлакатнинг йирик саноат корхоналари иши билан танишади.

Абдумалик Сарманов таржимаси