Давлат
ҳам, журналистлар ҳам халққа хизмат қилади, мамлакат ҳаётига таъсир
кўрсатади. Президент Қосим-Жўмарт
Тўқаев Журналистика куни арафасида бўлиб
ўтган оммавий ахборот воситалари ходимларини табриклаш маросимида шундай деди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Энг аввало Оммавий ахборот
воситалари ходимлари куни билан чин дилдан табриклайман! Касбингизнинг нуфузи журналистларнинг ҳақиқат ва адолат учун курашиши билан боғлиқ. Шунинг учун медиа соҳаси профессионаллари ҳамиша ҳурматланади. Бизнинг мақсадимиз ягона – барча учун тенг имкониятлар яратувчи Адолатли Қозоғистон яратиш. Мутахассисларимизга осон бўлмаган иши учун миннатдорчилик билдираман. Алихан Бўкейхан шундай деган экан: «Газета ва журнал чоп этиш катта маҳорат талаб қилади». Бу талаб барча турлардаги ахборот соҳасига ҳам
тааллуқли. Умуман олганда, журналистлар давлат сиёсатини тушунтиришда алоҳида ўрин тутади.
Муҳим ташаббусларни ҳар томонлама тушунтиришда ҳам
уларнинг хизмати катта. Давлат раҳбари таъкидлашича, барча ислоҳотлар оммавий ахборот
воситалари иштирокида амалга оширилади. Янги сифатлар, янги миллий ғоялар шаклланиши қалам ва микрофон усталари
маҳоратига ҳам боғлиқ. Президент фикрияа, давлат сиёсатини тушунтиришда журналистларнинг
хизмати катта. Ҳокимият ва халқни боғлар экан, улар парламент тизимини ривожлантириш ва
ижтимоий муаммоларни ҳал этишга хизмат қиляпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев журналистлар учун янги имкониятлар
очиб берадиган қонунчилик ташаббусларини
тилга олди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ўзингизга маълум, яқинда мен муҳим ҳужжатни
имзоладим. «Масс-медиа тўғрисида» қонун журналистлар ҳуқуқ ва манфаатларини
муҳофаза этиш механизмларини такомиллаштиради. Бу ҳужжат оммавий ахборот
воситаларининг салоҳиятини оширади, мустақиллигини мустаҳкамлайди.
Президент таъкидлашича,
мамлакатнинг оммавий ахборот воситалари жамиятда юксак экологик онг ва табиатни авайлаш
маданиятини шакллантиришга ёрдам бера олади. Соҳа мутахассислари зиммасидаги
яна бир вазифа – иқтисоддаги ривожланиш ҳақида фуқароларга ҳар томонлама ва тўлақонли
маълумот бериш. Президент таъкидлашича, журналистика – касб эмас, маҳорат.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Оммавий ахборот воситалари – халқ овози, миллат ахбороти, жамият таянчи. Журналистларнинг профессионал даражаси жуда муҳим. Сизларнинг кўпчилигингиз
ватанпарвар ва ўз мамлакатига садоқатли, юқори малакали мутахассислар. Бунга заррача шубҳа йўқ. Сиз ўз миссиянгизни сидқидилдан адо этяпсиз.
Мамлакат журналистикасини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшганларга Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат нишонлари, мукофотлари, грантлари ва ташаккурномалар топширди.
Абдумалик Сарманов таржимаси