Қозоғистонлик уруш қатнашчилари ҳақидаги маълумотларни битта электрон манзилдан топиш мумкин. Аскарлар тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи «Қаҳрамонларга таъзим» веб-портали ишга тушди. Унга 678 минг нафардан зиёд уруш қатнашчиси ҳужжатлари, хатлари ва фотолари киритилган. 365 нафар Совет Иттифоқи қаҳрамони, 19 нафар «Шуҳрат» ордени соҳиблари ҳақида маълумот бор. Қозоғистонликлар янги ҳужжатлар киритиши мумкин. Махсус комиссияси юборилган маълумотларни кўриб чиқади. Муаллифлар таъкидлашича, ҳар куни уларга уруш қатнашчилари ҳақида юзлаб анкета келаётганини айтишди.
Сағила Нурланова, Қозоғистон Республикаси Президенти архиви директори:
- Россияда «Халқ хотираси» деган портал бор. Уларга расмий хат юбордик. Ижозатини олиб, улардаги қозоғистонликлар ҳақидаги ҳамма маълумотларни кўчириб оладиган бўлдик. Тизимли иш давом этяпти. Архивдаги бир бўлим ходимлар асосан ушбу портал устида ишлайди. Ҳар куни келаётган қўнғироқларга, мурожаатларга батафсил жавоб бераяпмиз. Қозоғистонликларга услубий кўринишда хизмат қилаяпмиз.
Шунингдек, порталда концлагерларда жон берган қозоғистонликлар ҳақида ҳам маълумот берилади. Ҳозир уларнинг тизими тайёрланяпти. Жами, 6 минг нафар юртдошимиз ҳақида тўла маълумот олинди. Масалан, Қанат Суйиндиқов отасининг жанг майдонларида, тутқунликда ёзган кундаликларини Миллий архивга топширди. Унда жангчи ҳаёти, урушдан кейин юз берган воқеалар ҳақида қатор муҳим маълумотлар бор.
Қанат Суйиндиқов, уруш қатнашчисининг ўғли:
- Кундаликларини ўқидик, китоб шаклида чоп этдик. Уларда отамнинг Австриядан бошлаб, Магаданда бўлгани, Аягўзга қайтгани ҳақида ҳам ёзилган. Қандай қийинчиликлар кўргани, қандай қилиб асирликка тушгани, қачон қаерда бўлгани, қайси давлатларда, лагерларда жафо чеккани ҳақида ёзилган. Шунингдек, Австриядаги депортация лагери ҳақида маълумотлар ҳам бор. Ҳар сатри сабоқ бўла олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

