Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолияти муҳокама қилинди

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолияти муҳокама қилинди

Камсувлик ва оқова сув етишмаслиги. Қосим-Жўмарт Тўқаев глобал иқлим ўзгаришлари Марказий Осиёдаги хавфсизликка қандай хатар туғдираётгани хусусида фикр билдирди.  Қозоғистон Президенти Душанбеда Оролни қутқариш халқаро фонди муассислари бўлган давлатлар раҳбарлари Кенгаши мажлисида иштирок этди. Экспертлар айтишича, минтақамизда ҳарорат сайёрадаги ўртача даражадан тезроқ ошмоқда.  Натижада, музликлар ҳажми ярим аср ичида деярли учдан бирга қисқарган. 2050 йилга бориб, қурғоқчилик минтақада 5 миллион нафар «иқлимий» мигрант пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.  Бу муаммоларни ҳозирнинг ўзида маслаҳатлашган ҳолда ечиш даркор.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
-Мамлакатларимиз сув сиёсатини шакллантиришда бу минтақадаги фаровонлик ва барқарор тараққиёт унинг мавжудлигига бевосита боғлиқ бўлган, чекланган табиий захира эканлигидан келиб чиқиши лозим, деб ҳисоблайман. Рақамли технологияларни жорий этиш орқали сувни имкон қадар тежаш муаммоси кўндаланг турибди. Бу сув захиралари бўйича ҳамкорлигимизнинг асосий йўналиши бўла олади.

1 январдан жамғармага раислик 3 йилга Қозоғистонга ўтади. Қосим-Жўмарт Тўқаев ташкилотнинг келгуси ишлари бўйича фикрларини баён этди.  Кўриладиган чора-тадбирлар самарадорликни оширишга ва халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтиришга қаратилган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Жамғарма Бошқаруви, Ижроия қўмитасининг ваколатлари ҳамда жавобгарлигини кенгайтириш лозим бўлади. Шу билан бирга, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясини Давлатлараро сув-энергетика комиссиясига айлантириш таклиф қилинади. Мазкур қадамлар ушбу Жамғарма самарадорлигини ошириши мумкин бўларди.  Жамғарма ишчи органларини аъзо давлатлар бўйича тенг тақсимлаш, минтақадаги барча давлатлар вакиллари ҳисобига ходимлар миқдорини шакллантириш масаласини кўриб чиқиш керак.

Сув масаласида минтақа давлатларининг  ўзаро ҳамкорлиги ўз самарасини кўрсатди. Фаолиятининг 30 йили мобайнида халқаро жамғарма чегараоша оқадиган дарёлардан биргаликда фойдаланиш борасида кучларни бирлаштиришга, Орол денгизи ҳавзасида экологик муаммоларни ҳал этишга  хизмат қилувчи нуфузли ташкилот сифатида салоҳиятга эгалигини кўрсатди. Йиғилиш якунларига кўра, 4 та, хусусан, Халқаро жамғарманинг шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича ҳужжат имзоланди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.