БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти мақсадли доимий қўшма гуруҳ ҳамда маълумотлар ва ахборот алмашиш интеграцияланган тизими доирасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтган шерикчилик ва ишларни мувофиқлаштириш бўйича йиғилишда ушбу ва бошқа ташаббуслар тилга олинди. Астанада ташкилотлар котибиятлари 16-қўшма йиғилиши ўтказилди.
Аҳмад Кавеса Сенгендо, ИҲТ Бош котибининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари:
– Биз ташкилотга аъзо давлатлар билан дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган масалалар, шу жумладан, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, иқлим ўзгариши, очарчилик ва қашшоқликка, шунингдек, экстремизмга қарши кураш каби муаммоларни ҳал этиш йўлларида навбатдаги қадамларимизни белгилаб олиш учун Астанага келдик. Ҳар иккала ташкилотда ҳам бугунги кунда аниқ йўналишларда фаолият юритаётган соҳа ташкилотлари мавжуд. Улар йилига икки марта тўпланади ва учрашувларда келгуси тадбирлар, қўшма лойиҳаларни муҳокама қилади, шу тариқа аввало тинчлик ва барқарор тараққиёт сари йўанлтирилган ҳаракатлар жипслиги ва бир-бирини тўлдиришига эришилади.
БМТ ва ИҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим қисмларидан бири – уларга аъзо давлатлар дуч келаётган хатарлар ва чорловларга қарши туришдан иборат. Бунда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратиляпти ва давлатлар уни биргаликда ҳал қилиш ниятида. Учрашув доирасида томонлар ўзаро тушунмовчиликлар юз бермаслиги учун махсус протокол имзолашди.
Манафи Абдула Мутуало, Озиқ-овқат хавфсизлиги ислом ташкилоти катта офицери:
– Бу ҳужжат икки ташкилот ўртасидаги ўзаро фойдали ҳамкорликни мустаҳкамлашни кўзда тутади. Айни вақтда, у бизнинг ишларни мувофиқлаштиришга, шунингдек, келажакда келишилган режаларнинг самарали рўёбга чиқарилишига қаратилган келгуси қадамларимизни аниқ белгилайди. Протоколда ташкилотга аъзо ўнта мамлакат билан бирга қўшма чора-тадбирлар кўриш кўзда тутилган. Улар қаторида Қозоғистон ҳам бор. Ушбу ҳужжатни Африкадаги Гамбия, Жибути, Сомали каби давлатлар, Марказий Осиёдан Тожикистон ва Афғонистон имзолади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.