Қозоғистон Президенти Махтумкули Фироғийга бағишланган форумда қатнашди

Қозоғистон Президенти Махтумкули Фироғийга бағишланган форумда қатнашди

Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Туркманистонга расмий ташрифи давом этяпти. Президент мутафаккир ва туркман классик адабиёти асосчиси Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллигига бағишланган халқаро форумда иштирок этди. 

Туркман маданиятининг ривожланишига катта ҳисса қўшган адибнинг қатор асарлари ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» халқаро рўйхатига киритилган. ТЮРКСОЙ 2024 йилни буюк шоирни хотирлаш йили, деб эълон қилган. Давлат раҳбарининг фикрича, Махтумқули Фироғийнинг асарларида акс этган инсонпарварлик ғоялари кўплаб глобал чорловлар кузатилаётган бугунги кунда янада долзарблик касб этяпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркманистоннинг фаол ривожланиши, кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлари кўп асрли туркман давлатчилигининг мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидлади. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:  

- Бетараф Туркманистон дунё миқёсида хавфсизлик ва барқарорлик ўрнатилишига, Марказий Осиё ва Каспий минтақасида кенг қамровли ҳамкорлик мустаҳкамланишида ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшаяпти. Туркманистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеяси 2025 йилни «Тинчлик ва ўзаро ишонч йили», деб эълон қилди. Мамлакат муваффақиятлари Махтумқули Фироғийнинг кучли туркман давлатчилиги яратишдек орзуларининг ушалиши, дейиш мумкин. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллигига бағишлаб Қозоғистонда ўтказилган тадбирлар ҳақида ҳам гапирди. Улар маданий дипломатияни ривожлантиради, буюк мутафаккирнинг меросини оммалаштиришга хизмат қилади. Зеро, Махтумкули ва Абай ғояларида ҳамоҳанглик бор. Улардаги инсонпарварлик ва ўз халқи ҳақида қайғуриш яққол сезилади. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:  

- Халқларимизнинг кўп қиррали маданиятида алоҳида ўрин эгаллаган бой маданий мероси бутун инсониятга тааллуқли. Қозоғистон ва Туркманистонни ягона маънавий илдизлар, тарих, дўстлик ришталари ўзаро боғлайди. Халқларимизни яқинлаштирувчи, қозоқ-туркман алоқаларини чуқурлаштирувчи бу қадриятлар икки давлат ўртасидаги фаол мулоқотга асос бўлади.  

Абдумалик Сарманов таржимаси.