Олимлар Қозоғистон замини қадимги даврлардан дарак берувчи хазиналарга мўл эканлигини исботловчи яна битта шов-шувли кашфиётга эришди. Жамбил вилоятидаги Ақтўғай унгурида тош давридан қолган буюмлар топилди. Олимлар турли сирларга тўла қадимий ғорнинг инсонлар ўзлаштирган илк қўналғалардан бири бўлганини таъкидлаяпти. Таркибида Қозоғистон ва хориж археологлари бўлган экспедиция тош бўлаклари, жониворлар суяклари, тоғ эчкисининг умуртқа суягини қазиб олишди. Бу узоқ ўтмиш ёдгорликлари устида тадқиқот ишлари олиб борилади. Мутахассислар мазкур ҳудудни очиқ осмон остидаги музейга айлантиришни таклиф қилишди.
Қуаниш Даурембеков, «Тарихий-маданий ёдгорликларни қўриқлаш ва тиклаш» дирекцияси директори:
- Бу ерда энг биринчи нуклеуслар, суяк қолдиклари, меҳнат қуроллари, ёнган гулхан ўрни аниқ кўриниб турибди. Мутахассислар фикрича, бу заминда чуқур илмий изланишлар ўтказиш, қазиш ишларини давом эттириш зарур.
Жакен Таймағанбетов, Қозоғистон Республикаси Миллий музейи Бош илмий ходими:
- Муҳими шундаки, тупроқ қолдиқлари тегишли таҳлиллардан ўтказилганида, улардаги суякларнинг 23 минг йилдан буён шу ерда ётгани аниқланди. Жорий йилда биз Нью-Йорк университети билан келишганмиз, харажат уларнинг ҳисобидан кетяпти. Ҳозир Нью-Йорк университети талабалари ва докторантлари шу ерда амалиёт ўтказяпти.
Абдумалик Сарманов
таржимаси