Президентнинг Қизилўрда
вилоятига бўлган амалий сафари жамоатчилик вакиллари билан учрашув тарзида
давом этди. Қосим-Жўмарт Тўқаев минтақанинг фаол ривожланаётганини таъкидлади, салмоқли
ташаббуслар рўёбга чиқарилганини кўрсатиб ўтди. Шу жумладан, ёшларга ёрдам
кўрсатиляпти, «Тоза Қозоғистон» акцияси, рақамлаштириш ва сунъий идрокни жорий
этиш ишлари давом этяпти. Давлат раҳбари сувдан самарали фойдаланишга чақирди.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Биз сув
тақчиллиги масаласига алоҳида эътибор беряпмиз. Келажакда сув етарли бўлишини
ваъда қилолмаймиз. Шунинг учун ҳар хил эҳтимолларга тайёр туришимиз зарур. Сув
тежовчи технологиялардан фойдаланиш зарур. Давлат ўз томонидан субсидия
ажратади. Жорий йилда аграр секторга 1 триллион тенге берилди.
Сўнгра Президент
«Сир юлдузлари» болалар ва ўсмирлар ижодий-инновациявий академиясига борди. Унинг
фаолияти минтақа ёшларининг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга
қаратилган. Бу ерда бассейн, турли спорт турлари учун заллар, ижодий студия ва лабораториялар
бор.
Шунингдек, Қосим-Жўмарт
Тўқаев «Қизил Ўрда – Нон» мажмуаси иши билан танишди. Ишлаб чиқариш тўла автоматлаштирилган
цехда нон, булочка, қандолат ва макарон маҳсулотлари чиқарилади. Маҳсулотнинг
асосий қисми шаҳар ва яқин атрофдаги аҳоли пунктлари магазинларига етказиб
берилади.
Давлат раҳбари
ташриф буюрган объектлар қаторида янги ТЭЦ ҳам бор. У Президент
топшириғига кўра жанубий минтақалар
аҳолиси ва иқтисоди эҳтиёжларини қондириш учун бунёд этилган. Қизилўрда
иссиқлик электр маркази қуввати 240 мегаватт электроэнергия ва 277 гигакалория
иссиқликка тенг.
Президент 11
мингта томошабинга мўлжалланган Қизил Ўрданинг янги Марказий стадионини ҳам
бориб кўрди. У замонавий стандартларга мос, энг юқори даражадаги халқаро
беллашувларни қабул қила олади, унда маданий тадбирлар ҳам ўтказиш мумкин. Спорт
мажмуасида бокс, кураш, спорт гимнастикаси, оғир атлетика ва бошқа спорт турлари
учун заллар кўзда тутилган. Президент «Қайсар» футбол клуби ўйинчилари билан
мулоқотда бўлди, футбол тўпига дастхатини қолдирди.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– «Қайсар» – мамлакатимизда
хусусий қўлларга ўтган дастлабки клублардан бири. Келажакда футбол академияси
қуриш режалаштирилган. Клубнинг келажаги бор, деб ўйлайман. Муваффақият
тилайман.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев ўлкашунослик музейида Қизилўрда вилояти тарихий-маданий мероси билан
танишди. Давлат раҳбари археология, этнография, Қозоғистон ўтмиши ва бугунги
кунига бағишланган залларни айланиб кўрди. Томошабинлар учун турли мавзудаги 12
та зал ишлаб турибди. Музей жамғармасида 70 мингтага яқин экспонат бор.
Шунингдек, Президент
Қизилўрда Стол тенниси марказига ҳам борди. Замонавий талабларга жавоб берувчи
мажмуада ўйин майдончалари, томошабинлар учун жой, тренажёр зали, маъмурий
бинолар бор. Шу кунларда марказда 280 та бола шуғулланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

