Қозоғистонда Шимолий Оролни сақлаб қолиш фаолиятининг иккинчи босқичи юзасидан иш бошланди. Сув захиралари ва ирригация вазирлиги Жаҳон банки гранти ҳисобидан лойиҳа учун тегишли ҳужжатлар тайёрлашга киришди. Лойиҳа учта асосий компонентдан иборат. Биринчиси – инфратузилмаларни ривожлантириш ва Шимолий Орол ҳамда Сирдарё делтасининг гидрологик аҳволини яхшилаш. Иккинчиси – Қизил Ўрда вилоятида барқарор иқтисодий, ижтимоий ва экологик вазиятни таъминлаш. Учинчиси – ахборот базаси ва сув захиралари тизимини бошқаришни янгилаш. Таъкидлаш лозимки, биринчи босқичда Кўкарал тўғони қурилди, Шимолий Оролдаги сув ҳажми 27 миллиард куб метрга етди. Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса балиқ хўжалиги ва экотуризм ривожлантирилади, денгизда тўпланган сув ҳажми ва самарадорлиги оширилади, минтақада экологик вазият ва сув захираларидан фойдаланиш яхшиланади.
Нуржан Нуржигитов, Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазири:
– Бу Орол денгизини сақлаб қолиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг иккинчи босқичи. Лойиҳанинг бир қисми сифатида гидротехник иншоотлар қурилади. Ҳозир барча тегишли ҳужжатлар тайёр. Энди давлат экспертизаси ўтказилади. Сўнгра Қозоғистон Республикаси қонунчилиги меъёрларига мувофиқ кўзда тутилган ишлар амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, йил бошида Қозоғистон Оролни қутқариш халқаро жамғармаси раислигини қабул қилиб олган. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев 6 июль куни ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитида Каспий ва Орол денгизида юзага келган экологик муаммоларини ҳал қилиш учун кучларни бирлаштиришга чақирганди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.