Қозоғистон Президенти – Иорданияда

Қозоғистон Президенти – Иорданияда

Қозоғистон Президенти Иордания Қироли Абдалла II бин ал-Ҳусайн билан музокаралар ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Иордания етакчисига икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. Давлатимиз раҳбари айтганидек, Иордания халқаро ҳамжамиятда тинчлик ва барқарорликка қатъиян содиқлиги билан тан олинган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Ташрифимдан мақсад – муносабатларимизга, дўстлик ва савдо-иқтисодий алоқаларга қўшимча туртки бериш. Бизнинг қарашларимиз, дунёда рўй бераётган ҳолатларга баҳойимиз умумий, деб биламан. Айни пайтда, сиёсий даражада алоқаларни мустаҳкамлашдан ўта манфаатдормиз. Биз ҳамкорлигимиз доирасида астойдил ишлашга шаймиз. Иорданияни дўст давлат, деб ҳисоблаймиз.

Ўз навбатида, Иордания Қироли Қосим-Жўмарт Тўқаев ташрифи иккитарафлама ҳамкорликни кенгайтиришда кенг имкониятлар очишини таъкидлади. Музокараларнинг асосий мавзуси савдо, инвестиция, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм, энергетика ва фармацевтика бўлди. Якунда икки давлат етакчисининг қўшма баёноти қабул қилинди, шунингдек, бешта меморандум ва келишув, ўнлаб муассасалараро ва тижорат ҳужжатлари имзоланди. Хусусан, «Казатомпром» ва JUMCO компанияси уран соҳасида ҳамкорлик қилишни бошлайди.

Нурлан Жақупов, «Самруқ-Қазина» Миллий фаровонлик жамғармаси» АЖ Бошқарув раиси:

- Келишув доирасида томонлар Иордания ҳудудида потенциал конлар борасида разведка ва тадқиқот ишларини бошлайди. Биз бугун Иордания Сармоялар вазири билан учрашдик, шериклик учун қатор истиқболли соҳалар муҳокама қилинди. Масалан, ҳаво ташувлари, шунингдек, газ секторида.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Иордания Қиролига Қозоғистоннинг олий давлат мукофоти – «Алтин Қиран» орденини топширди. Президент Қирол Абдалланинг Қозоғистон-Иордания алоқаларини мустаҳкамлашдаги алоҳида ҳиссасини таъкидлади.

Кейинроқ расмий ташриф доирасида Қозоғистон Президенти Иордания музейида бўлди. Қосим-Жўмарт Тўқаев унинг яратилиш тарихи билан танишди, шунингдек, Далватимиз раҳбари кўргазма заллари, ноёб артефакт ва экспонатларни томоша қилди. Сўнг Қозоғистон Президенти фахрли меҳмонлар китобида ўз қайдларини қолдирди.

Абдумалик Сарманов таржимаси