Қозоғистон Президенти Европа етакчилари билан учрашди

Қозоғистон Президенти Европа етакчилари билан учрашди

Қозоғистон Президенти Нью-Йоркдаги БМТ Бош ассамблеяси 80-сессияси доирасида Европа етакчилари билан қатор икки томонлама музокаралар ўтказди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар ҳамкорлик, рақамлаштириш, халқаро масалалар муҳокама қилинди. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев Люксембург Бош вазири билан мулоқотда икки томонлама алоқаларнинг конструктив шаклда эканлигини таъкидлади. Суҳбатдошлар рақамлаштириш ва молиявий технологиялардаги қўшма лойиҳалар истиқболларини муҳокама қилди, шунингдек, бизнес-ҳамжамиятлар ўртасида алоқани фаоллаштиришга келишиб олди. 

Давлат раҳбари Монако князи билан учрашувда иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кенглигини таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев Альбер иккинчига  расмий ташриф билан Қозоғистонга келишни таклиф қилди. 

Нью-Йоркда Қозоғистон Президенти Эмманюэль Макрон билан учрашди. Етакчилар Қозоғистон — Франция алоқаларини муҳокама қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Францияни Европа Иттифоқидаги асосий ҳамкор, деб атади. Томонлар энергетика, транспорт, агросаноат ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қўшма лойиҳалар муваффақиятли рўёбга чиқарилаётганини таъкидлади. Президентлар долзарб геосиёсий масалаларда фикр алмашди. 

Финляндия Президенти Александр Стубб билан суҳбатда Давлат раҳбари олий даражали сиёсий мулоқот муҳимлигини кўрсатиб ўтди ва фин етакчисининг Қозоғистонга ташрифи савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик соҳасида янги имкониятлар очиб беришига ишонч билдирди. Қосим-Жўмарт Тўқаев  ва Александр Стубб икки томонлама ва халқаро масалаларни  муҳокама қилди. 

Қозоғистон Президенти Бельгия Бош вазири Барт де Вевер билан ҳам учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, Брюссель энг йирик инвесторлар ўнлигига киради. Ўтган йили икки томонлама савдо ҳажми ярим миллиард долларга яқинлашди. Бельгия Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги энг муҳим ҳамкорлари қаторида. Томонлар ўта муҳим минераллар, нефть кимёси, агросаноат, транспорт, қурилиш, сунъий интеллект ва таълим соҳаларида ўзаро алоқалар истиқболларин муҳокама қилди. 

Абдумалик Сарманов таржимаси