Қозоғистон ва Сингапур таълим соҳасида ҳамкорлик қилади. Икки давлатнинг тегишли вазирликлари ўзаро олий таълим борасидаги меморандумни имзолади. Бундан кейин яна бошқа ҳужжатлар ҳам қабул қилинади. Хусусан, Наньянг технология университети билан ўзаро англашув ҳам. Мазкур меморандум сув захираларини бошқариш соҳасида ҳамкорлик қилишга йўналтирилган. Бу мавзу эса Қозоғистон учун катта аҳамиятга эга. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қозоғистон-Сингапур ректорлар форумида айтиб ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, Қозоғистон «Бўлашақ» дастури доирасида ўз тадқиқотчи ва олимларини Сингапурга юборишга ҳаракат қилади. Президент айтишича, ушбу дастур амалда бўлган вақт давомида 12 мингдан зиёд мамлакатимиз талабалари дунёнинг энг яхши университетларидан ўқиш имкониятини қўлга киритди, шундан 72 таси –Сингапурда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Умид қиламанки, Қозоғистондан янада кўпроқ талаба сизнинг ажойиб мамлакатингизда билим ва тажриба эгаллаш имконини кўлга киритади. Ҳар йили тадқиқот ўтказиш учун 500 та стипендия ажратамиз. Сингапурда қозоғистонлик олимлари сони ошишини сабрсизлик билан кутамиз. Таълим ва фан – инновация ва тараққиёт учун ўта муҳимдир. Бу соҳаларга сармоя киритиш билан ўз келажагимиз ҳақида ғамхўрлик қиламиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.