Қозоғистон Президенти Евроосиё Олий иқтисодий кенгаши йиғилишида қатнашди

Қозоғистон Президенти Евроосиё Олий иқтисодий кенгаши йиғилишида қатнашди

Евроосиё Иқтисодий иттифоқи иқтисодий захиралар ва интеграция салоҳиятидан имкон қадар тўлиқ фойдаланиш зарур. Бу эса прогнозларга кўра 2024 йилда глобал тизимдаги секинлашишга қарши туришга ёрдам беради. Санкт-Петербургда бўлиб ўтаётган Евроосиё Олий иқтисодий кенгаши йиғилишида сўзга чиққан Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича, ЕОИИга аъзо давлатлар ўртасида технологик кооперацияни ривожлантириш устувор вазифалардан бири. Бу фикр «Евроосиё иқтисодий йўли» декларациясида ҳам акс этди. Ва, албатта, товарларнинг эркин ҳаракатига янги туртки бериш зарур.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Биз умумий бозордаги мавжуд тўсиқ ва чекловларни бартараф этишимиз, ягона техник регламентлар қабул қилишни жадаллаштиришимиз зарур. ЕОИИ интеграцияланган ахборот тизимининг тўла куч билан ишлаши мамлакатлар ўртасида товарлар ташишда бизнес харажатларини кескин камайтириш имконини беради. Электрон савдо тизимида ҳам ўзаро ҳамкорлик имкониятлари катта. Бу бозорнинг ЕОИИдаги улуши ўтган йили 80 миллиард долларни ташкил қилди. Бу кўрсаткич яқин келажакда икки марта ортади. Ва шу билан чекланиб қолмайди. Биз божхона жараёнларини такомиллаштириш, онлайн-савдо учун самарали ва тенг ҳуқуқли экотизим яратиш устида ишлашимиз керак.

Ташкилотга аъзо давлатлар дунё бозорига экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улушини кенгайтириши керак. Бу эса логистика ва омборчиликни ривожлантириш, агроинновациялар марказлари яратишни талаб қилади. Президент фикрича, ЕОИИ Евроосиё материгини боғловчи стратегик ҳалқа вазифасини мустаҳкамлаши лозим. Бунинг учун йирик портлар, логистика марказлари ва почта хаблари ўртасида ҳамкорлик тармоғи тузиш керак, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Биринчи навбатда гап Яқин Шарқ, Эрон, Покистон ва Ҳиндистонга олиб чиқувчи «Шимол – Жануб» йўлаги ҳақида боряпти. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, «Челябинск – Бўлашақ – Эрон» йўналишини ишга тушириш бўйича Қозоғистоннинг ташаббуси амалга оширилаяпти. Йўлакни янада ривожлантириш учун Қозоғистон, Россия ва Туркманистоннинг логистик компаниялари қўшма корхона тузиши зарур. Иттифоқнинг бошқа давлатларини мазкур ишга қўшилишга чақираман.

Замонавий дунёда Ай-ти технологияларисиз иш юритиш амримаҳол. Қозоғистон Президенти «Россия – Қозоғистон  – Эрон» йўналишида Ҳинд океани соҳилидаги халқаро линияларга уланиш учун оптика-толали алоқа линияси тортиш таклифини билдирди. Бу эса ЕОИИнинг глобал даражадаги салмоғини оширади. Ташкилот бошқа давлатлар ва ташкилотлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириб бориши зарур. Шу жумладан, Эрон билан ҳам. ЕОИИ ушбу давлат билан эркин савдо бўйича тўлақонли шартнома тузди. Қозоғистон етакчисининг фикрича, Ҳиндистон, БАА, Миср, Индонезия, Монголия ва бошқа давлатлар билан ҳам шундай шартномалар тузиш вақти етди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.