Меҳмон биринчи марта расмий ташриф билан Қозоғистонга келган. Президент таъкидлашича, мазкур сафар икки томонлама алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилади. Томонлар, шу жумладан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-логистика соҳаларида ўзаро алоқаларни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Давлат раҳбари чех инвесторларига турли соҳаларда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Пётр Фиала ўз навбатида Қозоғистон Чехия республикасининг муҳим ҳамкори эканлигини таъкидлади. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик эса Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё муносабатларининг муҳим қирраларидан бири. Қозоғистон етакчиси Пётр Павелни Чехия Президенти этиб сайлангани билан қутлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Умид қиламанки, кун келиб, уни шу ерда, Қозоғистонда давлат ташрифи билан қабул қила оламан. Жорий йилнинг январь ойида муҳим санани нишонладик, давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига ўттиз йил тўлди. Биз катта имкониятларга эгамиз. Иккала республика орасидаги шерикликка келганда, айта оламанки, Қозоғистон Чехия бизнес доираси, шу билан бирга, ҳар икки давлатда шу соҳани равнақ топтираётган бизнес вакилларига суяниши мумкин. Тадбиркорларингизни қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмак кўрсатиш учун барча имкониятларни ишга солишга тайёрмиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси