Қозоғистон Президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди

Қозоғистон Президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди

Қозоғистон Президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Аэропортда Қосим-Жўмарт Тўқаевни мамлакат етакчиси Шавкат Мирзиёев шахсан кутиб олди. Музокаралар чоғида икки давлат раҳбарлари Қозоғистон-Ўзбекистон стратегик ҳамкорлиги ва иттифоқчилигини ривожлантиришнинг келгуси истиқболларини муҳокама қилди.


Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари, шунингдек, Давлатлараро Олий кенгашнинг иккинчи йиғилишида ҳам иштирок этди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, мураккаб халқаро вазият шароитида мамлакатлар ўзаро ҳамкорлик суръатини ошириши зарур. Хусусан, савдода.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


Икки тарафлама савдони равнақ топтириш, янги ўсиш нуқталарини топиш, маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш, нохомашё экспортини рағбатлантириш учун чора-тадбирлар қабул қилиниши лозим. Шу билан боғлиқ ҳолда, ўз вақтида шартлашганимиздек, Ўзаро маҳсулот айланмасини 10 миллиард долларга етказиш дастурини муваффақиятли амалга ошириш муҳим. Бугун тузилган Минтақа раҳбарлари кенгаши, шу билан бирга, бошқа иккитарафлама мехнаизмлар, хусусан, Амалий кенгаш ва UzKazTrade қўшма савдо компанияси ишидан амалий натижалар кутамиз.


Қозоғистон Президенти айтганидек, икки давлат шериклиги учун қишлоқ хўжалиги соҳасида яхшигина салоҳият мавжуд. Қосим-Жўмарт Тўқаев гўштни, дон ва мойли экинларни қайта ишлаш, чорвачиликни ривожлантиришда саноат занжирини шакллантиришни таклиф қилди. Бундан ташқари, мамлакатлар ноёб ер металларини қазиб олиш ва қайта ишлашда ҳамкорлик қилиши мумкин. Саноат кооперациясини ҳам унутмаслик даркор. Дарвоқе, ҳозирда давлатлар 78 та лойиҳани рўёбга чиқармоқда. Транзит-транспорт салоҳияти ҳам эътибор марказида. Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистон томонини Транскаспий йўлагини биргаликда равнақ топтириш учун Ақтау ва Қуриқ портларида ҳамкорлик қилишга чақирди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


Жорий йил 9 ойи натижаларига кўра, давлатларимиз ўртасида темир йўл ташувлари ҳажми 15 фоиздан кўпроққа ўсган ва 22 миллион тоннага етган. Кейинчалик ҳам тариф сиёсатини такомиллаштириш, юк ташувини яхшилаш, чегарада ўтказув пунктларини модернизация қилиш ишларини баҳамжиҳат олиб боришга келишдик.


Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти:


- Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат ташрифининг якунлари яна бир марта мамлакатларимиз ўртасидаги иттифоқчилик алоқаларининг юксак даражасини яққол тасдиқлайди. Ушбу ташриф бизнинг кўпқиррали ҳамкорлигимиз янги тарихида муҳим воқеа бўлди, уни кенгайтиришга кучли туртки берди. Эришилган келишувлар ва имзоланган шартномалар, шубҳасиз, ҳамкорлигимизни аниқ мазмун билан тўлдиради, қўшма лойиҳалар учун янги уфқлар очади ва икки биродар давлатнинг барқарор тараққиёти учун мустаҳкам асос яратади.


Музокаралардан сўнг Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари онлайн-форматда қиймати 1,2 миллиард долларга тенг еттита қўшма лойиҳа амалга оширилиши учун старт берди, улар саноат, логистика, молия ва қурилиш соҳасига доир. Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Қосим-Жўмарт Тўқаевни олий даражали “Дўстлик” ордени билан мукофотлади. Музокаралар натижаларига кўра, президентлар Қўшма баёнот қабул қилди ва бир неча муҳим ҳужжатни имзолади. Шулардан бири – икки давлат Минтақа раҳбарлари кенгашини тузиш ҳақида. Бундан ташқари, яна 14 та ҳукуматлараро ва муассасалараро келишув ҳамда меморандумлар имзоланди.


Абдумалик Сарманов таржимаси